Шахсга доир маълумотларнинг тарқалиши билан хабарлар кўпчиликда хавотир уйғотгани сир эмас.
Сенат ялпи мажлисида айнан шу масалага ҳам эътибор қаратилди. Сенатор Ҳусан Эрматов Ички ишлар вазирлиги вакилига мурожаат қилиб, шахсга доир маълумотларни сақловчининг ваколатлари, масъулияти қандайлигини сўради.
Бу саволга ИИВ Миграция ва персоналлаштириш департаменти бошлиғи Улуғбек Тошхўжаев жавоб берар экан, персоналлаштириш маркази айни пайтда ички ишлар органлари тизимига ўтказилганини таъкидлади. Бу шахсга доир маълумотларни сақлаш ва ҳимоя қилиш бўйича ваколатли орган ҳисобланади. Қонунчиликда шахсга доир маълумотлар билан боғлиқ ҳолатлар юз берганда чора кўриш тизими мавжуд. Қолаверса, ҳар бир шахсда ўзи билан боғлиқ маълумотлар бўйича масъулият борлиги, офертага рухсат бериш ҳар кимнинг ўзига боғлиқлигини айтиб ўтди.

Айни пайтда молиявий йўналишда янги тизим жорий этилиши ёки муайян компанияларга маълумот олиш ваколати бериладиган бўлса, бу борадаги назорат тизими қайтадан кўриб чиқилади.
Сенат ялпи мажлисида маъқулланган “Шахсга доир маълумотлар тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш ҳақида”ги қонун халқаро онлайн тўлов тизимларининг мамлакатимизда фаолият юритишини енгиллаштиришга қаратилган.
Қонунда финтех, электрон тижорат ва рақамли иқтисодиёт ривожини жадаллаштириш, фрилансерлар учун қонуний ва шаффоф тўлов механизмларини яратиш, чет эллик туристлар учун контактсиз тўлов имкониятларини кенгайтириш кўзда тутилган.
Сенат қўмитаси раиси Қутбиддин Бурҳонов қонун халқаро тўлов тизимларининг Ўзбекистон бозорига кириши муайян даражада чекланиб қолаётгани билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратилганини таъкидлади.

Қонунда фақат айрим турдаги шахсга доир маълумотлар (биометрик, генетик ҳамда телекоммуникация хизматлари билан боғлиқ маълумотлар) Ўзбекистон ҳудудида сақланиши шартлиги белгиланмоқда.
Бошқа маълумотларни чет элга узатиш ва сақлаш учун аниқ хавфсизлик талаблари жорий этилиб, Вазирлар Маҳкамасига шахсга доир маълумотлар хавфсизлиги таъминланган давлатлар рўйхатини тасдиқлаш ваколати берилмоқда.
Сенаторлар маъқуллаган қонун электрон тижоратни ривожлантириш йўналишида ҳуқуқий ва меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш ҳамда аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига халқаро Интернет платформаларидан фойдаланишда янада қулай шароитларни яратишга хизмат қилади.
Норгул Абдураимова, Фарҳод Абдурасулов (сурат), ЎзА