Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахматчиларимиз Мадаминов ва Ҳамдамова катта синов остонасида
11:42 / 2026-02-20

Бугун, 20 февраль куни пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида ўтаётган “Ал-Беруний” III халқаро турнирининг 8-турида ўзбекистонлик шахмат ишқибозлари бир қатор қизиқарли баҳсларга гувоҳ бўлади.

Улар орасида “Masters” гуруҳида ҳамюртимиз Муҳиддин Мадаминовнинг қора доналарда турнир пешқадами арманистонлик Арам Акобянга қарши ўйини, Афруза Ҳамдамованинг оқ доналарда россиялик Володар Мурзин билан тўқнашуви кутилган ва кутилмаган вазиятларга бой бўлиши билан эътиборни тортиши шубҳасиз.

Шунингдек,  “Challengers” гуруҳида Гулруҳбегим Тоҳиржонова – Муҳаммадзоҳмид Суяров қарама-қаршилигидаги ўйин, “Futures” гуруҳидаги Даврон Шарипов – Мадинабону Халилова ўртасидаги курашлар “ақл жанги”нинг ҳақиқий мўъжизасини туҳфа этиши тайин.

Якунланишига 1 та тур ўйинлари қолган вазиятда “Masters” гуруҳида арманистонлик икки нафар шахматчи: Арам Акобян ва Шант Саргсян 4,5 очко билан пешқадам бўлиб турибди.

“Challengers” гуруҳида ҳиндистонлик Миттал Адитья 5,5 очко билан, “Futures” гуруҳида қозоғистонлик Алдияр Ансат ва арманистонлик Артур Давтян 5,5 очко билан, “Open” гуруҳида эса Беҳруз Умаров 6,5 очко билан етакчилик қилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, эртага, 21 февраль куни халқаро турнирнинг сўнгги 9-тур ўйинлари бўлиб ўтади.

Т.Рўзиев, ЎзА