Испаниянинг Линарес шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “FIDE Women’s World Team Championship-2025” мусобақасининг гуруҳ босқич ўйинлари якунланди.
Кеча чемпионатнинг сўнгги 5-тур баҳсида Ўзбекистон аёллар терма жамоаси Ҳиндистон жамоаси билан куч синашди ва мураккаб кечган ўйинда ҳамюртларимиз рақибларига 1,5:2,5 ҳисобида имкониятни бой берди.

Ўтказилган учрашувларда шахматчи қизларимиздан фақат 4-тахтада ҳаракатланган Мадинабону Халилова қора доналарда Ҳиндистон вакили Сешадри Срижага ютқазиб қўйди.
Шундай бўлса-да, бир кун муқаддам Украина ва Франция жамоаларини мағлуб этган Ўзбекистон аёллар жамоаси гуруҳда кучли тўртликдан жой олган ҳолда чорак финал босқичига йўл олди.

Айтиш лозим, Афруза Ҳамдамова, Гулруҳбегим Тоҳиржонова, Умида Омонова, Гулдона Каримова ва Мадинабону Халилова Ўзбекистон терма жамоаси сафида ҳаракатланиши қайд этилган.
Бироқ, Афруза Ҳамдамованинг Испания давлатига кириши билан боғлиқ виза масаласидаги муаммолар сабабли терма жамоамиз мусобақаларни етакчи шахматчимиз иштирокисиз ўтказди.

Шундай вазиятда ҳам ўз иқтидорини намойиш этган ҳамюртларимиз гуруҳ босқичида Европа чемпиони Украинани, кучли таркибга эга Францияни доғда қолдирди. Дунёнинг энг номдор жамоалари Хитой ва Ҳиндистон билан ўтган тенг курашда кичик ҳисобда(1,5:2,5) имкониятни бой берди.
Бугун, 21 ноябрь куни чорак финал ўйинлари ташкил этилади. Унда Ўзбекистон терма жамоаси россиялик бир қатор етакчи шахматчи қизларни жамлаган ФИДE жамоасига қарши ўйин ўтказади.
Эслатиб ўтамиз, чемпионатнинг ярим финал ўйинлари эртага, 22 ноябрь, финал баҳслари эса 23 ноябрь куни бўлиб ўтади.
Тўлқин Рўзиев,
ЎзА