Шахмат ўз даврида юксак ақл-заковатга таянган муҳим спорт тури сифатида пайдо бўлган.
У қадимги даврда ҳукмдорларни ўзига мафтун қилган. Ньютонни ихтиролар сари илҳомлантирган, Галилейнинг кундалик ақл машқига айланган, Бетховен, Шопенларга ғоя манбаи бўлган, Гёте, Бокаччо, Хемингуэй каби даҳоларнинг севимли машғулоти ҳисобланган.
Бу инсонлар шахматдан мияни доимий чиниқтириш учун восита сифатида фойдаланган. Буюкларнинг буюк инсон бўлишида, улар қайси соҳа вакили бўлишидан қатъи назар, шахматнинг ҳиссаси бор. Шахмат бугун ҳам ана шундай аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 14 январдаги “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, юртимизда янги авлод вакиллари орасидаги ақл-заковат эгалари интеллектини янада ривожлантириш учун муҳит яратиш мақсадида “Artel” компанияси томонидан бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, 2021 йил Хотин-қизлар ўртасида “Нилуфар” шахмат турнири ўтказилди. Шунингдек, Тошкент шаҳридаги меҳрибонлик уйи тарбияланувчи-қизларининг 11 нафарига шахмат мактабида ўқиш учун бир йиллик бепул сертификатлар топширилди.
Компания ҳамда “Sky Chess” шахмат мактаби билан ҳамкорликда шахмат турнири ўтказилди. 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган очиқ турнирда 14 ёшгача ва блиц ўйнаш тажрибасига эга бўлган 60 дан ортиқ болалар қатнашди.
Турнир швейцарча тизимда 9 турдан иборат бўлди. Таъкидлаш жоизки, ҳар бир ўйин муросасиз кечди. Ёш шахмат усталари бор маҳоратини ишга солиб, ўзларининг бу борада янада тажриба тўплаб бораётганликларини исботлашди.
Шунингдек, ОAВ ходимлари ўртасида ҳам шахмат бўйича мусобақа ташкиллаштирилди. Журналистлар ўртасидаги ўйинлар ҳам қизиқарли кечди.
Якунда ғолиб иштирокчилар ташкилотчилар томонидан қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Д.Маматова,
ЎзА мухбири