Сирдарё вилоятида профессионал шахматчилар ўртасида вилоят биринчилиги бўлиб ўтди.
Интеллектуал баҳс сифатида катта қизиқиш уйғотган мазкур мусобақада вилоятнинг шаҳар ва туманларидан ташриф буюрган 40 нафардан ортиқ маҳоратли шахматчилар иштирок этди. Ҳар бир иштирокчи нафақат ғалаба учун, балки ўз тажрибасини бойитиш ва маҳорат даражасини янада ошириш мақсадида беллашди.
[gallery-25307]
Шахмат баҳслари қизғин ва муросасиз тарзда кечди. Қизлар ўртасида боёвутлик иқтидорли шахматчи Малика Жумаева барча рақибларини ортда қолдириб, муносиб равишда вилоят чемпиони номига сазовор бўлди. Йигитлар ўртасида эса гулистонлик Лазизбек Шавкатов чуқур стратегияси ва тезкор фикрлаши билан алоҳида ажралиб, биринчи ўринни қўлга киритди.
– Бу мусобақа мен учун катта тажриба мактаби бўлди. Ҳар бир рақиб кучли эди, улар билан беллашиш орқали янги йўналишлар ва стратегияларни ўзлаштирдим. Ғалабам менинг эмас, устозларим ва доим қўллаб-қувватлаб турган оиламники ҳамдир. Келгусида вилоятимиз шарафини республика ва халқаро майдонларда муносиб ҳимоя қилишга интиламиз, – дейди Лазизбек Шавкатов.
Тадбир якунида ғолиб ва совриндорларга Сирдарё вилояти Ёшлар ишлари бошқармаси томонидан дипломлар ҳамда қимматбаҳо эсдалик совғалари топширилди. Мусобақа доирасида ёшлар ўртасида шахматга қизиқишни янада кучайтириш, уларни мантиқий фикрлашга, иродали ва сабр-тоқатли бўлишга ўргатиш муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.
Энг муҳими, шахмат спорт турига қизиқиш вилоятда тобора ортиб бормоқда. Мутасаддиларнинг таъкидлашича, бундай мусобақаларни тизимли равишда ўтказиш келгусида республика ва халқаро майдонларда ҳам юксак натижаларга эришиш учун мустаҳкам замин яратади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири