Arabic
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат: Ёқуббоев жаҳон кубогининг 5-босқичида, Синдоров бугун тай-брейкда баҳс олиб боради
10:08 / 2025-11-13

Ҳиндистоннинг Гоа шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган жаҳон кубоги мусобақасининг ортда қолган 1/16 финал босқичи 2-тур учрашувлари якунига кўра, 16 та жуфтлик ўйинларининг 5 тасида ғалаба, 11 тасида муроса йўли танланди.

Муваффақиятга эришган беш нафар шахматчи қаторида ҳамюртимиз Нодирбек Ёқуббоевнинг борлиги эътиборли бўлди.

Истеъдодли шахматчимиз Н.Ёқуббоев ушбу босқичда ҳиндистонлик Пранав билан рўбарў келди. 1/16 финалининг 1-турида рақиби билан дуранг қайд этган ҳамюртимиз 2-турда 20 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг амалдаги ғолиби Пранавни 1:0 ҳисобида доғда қолдиришга муваффақ бўлди ва 5-босқич йўлланмасига эга чиқди.

Нодирбек сингари мексикалик Хосе Мартинес Алькантара, АҚШ вакили Левон Аронян, Германия шарафини ҳимоя қилаётган Александр Донченко ва вьетнамлик Ле Куанг Лием 2 та тур якунига кўра, жаҳон кубогининг кейинги босқичига йўл олди.

Жаҳон кубогининг 1/16 финал босқичи 2-турида дунёнинг етакчи шахматчилари Праггнанандха, Даниил Дубов, Ричард Раппорт, Аржун Эригаиси, Винсент Кеймер, Пархам Магсудлу, Аниш Гири, Максим Вашье-Лагравлар қаторида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров рақиби билан дурангга эришди.

Жавоҳир Синдоров ушбу турда Хитой вакили Ю Янг И билан 1:1 ҳисобида дуранг натижа қайд этди.

Бугун, 13 ноябрь куни 1/16 финал босқичи 2 та тур якунига кўра, дурангга эришганлар ўртасида тай-брейк мусобақалари ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 2 миллион АҚШ долларидан иборат жаҳон кубогининг 5-босқич баҳслари 14-16 ноябрь кунлари ташкил этилади.

Т.Рўзиев,

ЎзА