Ўзбекистон Журналистика ва оммавий коммуникациялар университетида пойтахтимиздаги ахборот воситаларида фаолият кўрсатаётган ижодкорлар ўртасида шахмат бўйича мамлакатимиз мустақиллигининг 31 йиллигига бағишланган турнир ташкил этилди.
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси Тошкент шаҳар бўлими ва ҳамкор ташкилотлар кўмагида ташкил этилган турнир швецарча тизимда 7 партиядан иборат бўлди. Унда 30 нафарга яқин журналист ва ижодкорлар совринли ўринлар учун кураш олиб борди.
Шунингдек, мазкур мусобақалар доирасида талабалар турнири ҳам уюштирилдики, бу, бўлғуси журналистларда шахмат спортига бўлган эътиборни оширди.
Муросасиз баҳсларнинг сўнгги ҳисоб-китобларига кўра, 1-ўрин “Қишлоқ ҳаёти” газетаси бош муҳаррир ўринбосари Ҳабиб Темировга насиб этди. 2-ўринни пойтахтимиздаги 54-мактаб маънавият тарғиботчиси Талъат Примов эгаллади. 3-ўрин “Ренессанс ТВ" канали мухбири Суҳробжон Аввалбоевга насиб этди.
Таниқли журналист, ёзувчи, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Хуршид Дўстмуҳаммад турнирда “Энг фаол иштирокчи” сифатида эътироф этилди.
Байрамона тарзда ўтган мусобақалар жараёнида университетда таҳсил олаётган талабалар билан устоз журналистлар дилдан суҳбатлашди. Касб маҳоратининг сир-асрорлари хусусида фикрлашди. Тадбир давомида соҳир овоз соҳиби Шуҳрат Дарё ижодкорларга ўз куй-қўшиқларини армуғон этди.
Мусобақалар якунида ғолиб ва совриндорлар, баҳсларда ўз маҳоратини намойиш этган бир гуруҳ ижодкорлар ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ва қимматбаҳо эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Энг эътиборлиси, турнирда ғолибликни тантана қилган журналистлар диплом, медаль, совғалари қаторида мусобақа низомига биноан Ўзбекистон Республикаси Марказий банки томонидан муомалага киритилган 5 граммлик қуйма олтин тангага, 2 ва 3-ўрин соҳиблари эса қуйма кумуш тангаларга мушарраф бўлишди.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА