Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат: “Президент кубоги”нинг ғолиб ва совриндорлари тақдирланди
10:58 / 2025-12-13

Пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида 9 кун мобайнида қизиқарли баҳслари билан “ақл гимнастикаси” ишқибозлари эътибор марказида бўлган “Президент кубоги”нинг ғолиб ва совриндорлари аниқланди.

Мукофот жамғармаси 80 минг АҚШ долларидан иборат турнирда 16 та давлатнинг 354 нафар шахматчиси “Masters”, “А” ва “Б” гуруҳларида ғолиблик учун кураш олиб борди.

“Masters” гуруҳида Арманистон, Германия, Греция, Франция, Ҳиндистон, Россия, Эрон, Украина ва Ўзбекистоннинг 3 нафардан маҳоратли шахматчиси дона сурган бўлса, “А” гуруҳида Озарбайжон, Вьетнам, АҚШ, Ҳиндистон, Эрон, Туркманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Мўғулистон, Ўзбекистон, “Б” гуруҳида Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Ўзбекистон шахматчилари ўз омадини синаб кўрди.

9 та турдан иборат турнирнинг “Masters” гуруҳида ҳиндистонлик Ниҳал Сарин 7 очко жамғарган ҳолда 1-ўрин ва 7 минг АҚШ долларига эга чиққан бўлса, 2-ва 3-ўринларни ҳамда тегишли пул мукофотларини 5 очко жамғарган ҳамюртларимиз Муҳиддин Мадаминов ва Шамсиддин Воҳидов қўлга киритди.

Шу ўриндан айтиш лозимки, турнир ғолиблигига эришган Сарин мусобақалар давомида фақат бир марта мағлубиятга учради. Терма жамоамиз аъзоси Муҳиддин Мадаминов 6-турда мусобақада биринчи рақамда таснифланган Ниҳални мағлубиятга учратган эди.

Тўртинчи марта ташкил этилган “Президент кубоги” мусобақасининг “А” гуруҳида қозоғистонлик Абдилхайр Абилмансур 123 нафар иштирокчи орасида 7,5 очко жамғарган ҳолда олтин медаль ва 6 минг АҚШ доллари билан тақдирланди. Иккинчи, учинчи ўринлар Вьетнам ва эронлик шахматчиларга насиб этди. Ушбу гуруҳда қатнашган ўзбекистонлик 74 нафар иштирокчи орасида Акбарали Абдулҳакимов 7 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 4-ўриндан жой олди.

Турнирнинг “Б” гуруҳида ўзбекистонлик Султон Пардаев 150 нафар иштирокчи орасида 8 очко билан ғолибликни тантана қилди ва 2 минг АҚШ долларига эга чиқди. 2-ўрин 8 очко жамғарган яна бир шахматчимиз Шоҳжаҳон Маматсалоевга тегишли бўлди. 3-поғонани 7,5 очкога эга чиққан россиялик Андрей Белов банд қилди.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА