Пойтахтимизда шахмат бўйича давом этаётган “Президент кубоги” баҳсларининг 5-тур баҳслари ортда қолган вазиятда турнирнинг “Masters” гуруҳида биринчи рақам остида сараланган ҳиндистонлик Ниҳал Сарин 4 очко билан пешқадамлик қилмоқда.
Мазкур гуруҳда дона сураётган ҳамюртларимиз Шамсиддин Воҳидов ва Муҳиддин Мадаминов 5-турда рўбарў келди ва муроса йўлини танлаши натижасида 3,5 очко билан 2 ва 3-ўринларда ҳаракатланмоқда.

Мукофот жамғармаси 80 минг АҚШ долларидан иборат турнирнинг “А” гуруҳида 123 нафар шахматчи дона сурмоқда. Ушбу гуруҳда эронлик Реза Махдави 4,5 очко билан қўшимча кўрсаткичлар ҳисобига етакчилик қилмоқда.
Бугун, 9 декабрь куни 6-тур учрашувлари ўтказилади. Терма жамоамиз аъзоларидан Муҳиддин Мадаминов қора доналарда турнир жадвалида етакчилик қилаётган Ниҳал Сарин билан рўбарў келса, Шамсиддин Воҳидов қора доналарда Эрон вакили Данешвар Бардия қаршилигини енгишга интилади. Абдумалик Абдусалимов украиналик Юрий Кузубовга қарши дона суради.
9 та турдан иборат “Президент кубоги” мусобақалари 12 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА