ЯНГИ КИТОБ
Кейинги пайтда Ўзбекистондан ёрқин шахмат юлдузлари, жаҳон чемпионлари етишиб чиқаётгани бежиз эмас. Юртдошларимизнинг дунё шахмат оламини қайта-қайта ларзага солаётганини ҳам тасодиф, деб бўлмайди. Зотан, Ҳиндистон, Хитой каби давлатлар қаторида Ўзбекистон шахмат ватани, деган шарафли номга бемалол даъвогарлик қила олади. Афросиёбда олиб борилган қазишма давомида фил суягидан ясалган шахмат ҳайкалчаларининг тўлиқ тўпламига дуч келингани, қадимий Далварзинтепа ҳудудида Кушон империяси даврига оид иккита ноёб шахмат ҳайкалчаси топилгани заминимизда шоҳмот ўйини эрамиздан олдинги асрларда ҳам ўта машҳур бўлганини тасдиқлайди.
Дарҳақиқат, аждодларимиз томонидан «ақл чархи» сифатида қаралган ушбу ўйин заминимизда қадим-қадимдан кенг қулоч ёйган. Ҳарб илми ва шатранжда тенгсиз бўлган Соҳибқирон одатдаги шахматнинг қонун-қоидаларини ислоҳ қилиб, ҳатто мураккаб шахмат турини яратган. Унга «Шатранжи комил» деб ном бергани тарихдан маълум.
Президентимизнинг 2021 йил 14 январдаги «Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида» қарори ўзбек шахмати ривожида янги тўлқинга асос солди.
Яқинда “Zamin nashr” нашриёти томонидан «Тафаккурнинг 64 нуқтаси» номли китоб чоп этилди. Бу шахматнинг чинакам ихлосмандлари учун туҳфа бўлди, дейиш мумкин.
Шахмат фидойиларидан иборат муаллифлар гуруҳи — иқтисод фанлари доктори, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи, сенатор Муртазо Раҳматов, “Karshi open” халқаро шахмат турнири асосчиси, Жанубий Россия университети фахрий профессори Анвар Шукуров, Рим (Италия) университети фахрий профессори, биология фанлари доктори, академик Бакриддин Зарипов янги асарда шахматнинг тарихи ва бугуни, унинг инсон камолоти, ёшлар тарбиясидаги бебаҳо роли ҳақида ҳикоя қилишади.
— Аслида, шахмат ҳақида сўз айтиш осон иш эмас, — дейди сенатор Муртазо Раҳматов. — Зеро, шахмат – илм, шахмат – санъат, шахмат – спорт. Ўзида ушбу уч жиҳатни ўзида мужассам этган шахмат асрлар давомида инсонни эзгуликка чорловчи машғулот сифатида алоҳида қадрланади. Шу боис биз шахматнинг одам оламни англашидаги беқиёс ҳиссасини очиб беришга ҳаракат қилдик. У кенг китобхонлар оммаси, барча шахмат ихлосмандлари учун наф келтиради, деган умиддамиз.
Шахмат олами – ўзига хос дунё. Бу олам бир вақтнинг ўзида барчаники ҳамдир. Унга ёши, имконияти, ҳатто манзил-маконидан қатъи назар ҳамма бирдек сайёр қилиши, тафаккур оламини бойитиши мумкин. Шундан бўлса керак, ушбу спорт тури одамларни оҳанрабодек жалб этиб келяпти.
— Шахмат ғирромликни кўтармайди. Шахмат фақат ва фақат ақлга ишонишни ўргатади, — дейди тадбиркор Анвар Шукуров. — 64 катакдан иборат шахмат тахтаси атрофида ўтирганларга, биринчи навбатда, ҳалолликни, адолатни тарбиялашини таъкидлашни истар эдик. Шу асосда тарбияланган боладан биз кутган авлод – учинчи Ренессанс бунёдкорлари чиқади. Бинобарин, бу китобда сиз ҳаёт фалсафасини ўқийсиз, илм ва тафаккурни чархлайсиз.
«Тафаккурнинг 64 нуқтаси»да илгари сурилган эзгу ғоялардан яна бири вақтни қадрига етиб, унинг ҳар лаҳзасидан унумли фойдаланишдир. Муаллифлар эътироф этишича, «ақл гимнастикаси» бу борада энг яхши устоздир.
— Энг оммавий спорт тури ҳақида гап кетса, айримлар «Миллионлар ўйини футбол, дейиши мумкин. Бироқ адашади. Энг оммалашган спорт тури шахматдир, — дейди академик Бакриддин Зарипов. — Шахматнинг нафақат футбол, балки бошқа спорт турларидан фарқли томони шундаки, ёши, жисмоний имкониятидан қатъи назар, истаган киши бемалол дона сура олади. Қолаверса, бунинг учун алоҳида шароит-шароит талаб этилмайди. 64 катакли шахмат тахтаси ва доналари бўлса, кифоя. Шунинг учун бугун «ақл гимнастикаси» билан шуғулланиш одамларнинг кундалик ҳаёт тарзининг ажралмас қисмига айланган.
Китобхонлар эътиборига тақдим этилган «Тафаккурнинг 64 нуқтаси» китоби шахмат ишқибозлари учун энг керакли ва муҳим қўлланмалардан бирига айланиши мумкин.
М.КАРИМОВА, ЎзА