Будапештда қизғин паллага кириб бораётган шахмат олимпиадасининг 8-тур якунларига кўра, эркаклар ўртасидаги мусобақаларда Ҳиндистон юз фоизлик имкониятдан тўлақонли фойдаланган ҳолда 16 очко билан якка пешқадамга айланиб олди. Ўзбекистон терма жамоаси 14 очко билан 2-ўринда бормоқда.
Шунингдек, 3-ўриндан жой олган Венгрия терма жамоасида ҳам 14 очко мавжуд. Кейинги поғоналардан ўрин эгаллаган Хитой, АҚШ, Эрон 13 очко жамғарган бўлса, яна 13 та миллий терма жамоалар ҳисобида 12 очко бор.
Бугун, 20 сентябрь куни ўтказиладиган 9-тур ўйинлари айтиш керакки, қайсидир маънода олимпиаданинг энг кульминацион нуқтаси ҳисобланади.

Ушбу турда ҳамюртларимизнинг ўтган 8 та учрашувнинг биронтасида мағлубиятга учрамаган Ҳиндистон терма жамоаси билан рўбарў келаётгани мамлакатимиз шахмат ишқибозлари қатори дунё “ақл гимнастикаси” мухлисларию, унинг етук мутахассислари диққат марказида бўлиши билан алоҳида ажралиб туради.
Айтиш лозим, 2022 йили Ченнайда ўтган 44-бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг 10-турида Ўзбекистон терма жамоаси ҳиндларнинг энг кучли шахматчиларини жамлаган Ҳиндистон-2 жамоаси билан тенг дуранг қайд этган ҳолда, Олимпиада чемпионлиги йўлидаги муҳим кўрсаткични қайд этганди. Ўшанда Нодирбек Ёқуббоев ва Жаҳонгир Воҳидов Ҳинд шахматчилари билан дурангга эришган, Жавоҳир Синдоров Рамешбабу Прагнанандхага имкониятни бой берган вазиятда Нодирбек Абдусатторов 5 соатга яқин вақт давом этган муросасиз жангда Доммараджу Гукешни доғда қолдирганди.
Бу гал Будапештда ўтадиган 9-тур ўйини Ҳиндистон учун ҳам, Ўзбекистон шахматчилари учун ҳам ҳаёт-мамот кураши кўринишини олиши шубҳасиз.

Ўзбекистон – Ҳиндистон шахмат усталарининг бу сафарги баҳсини қайсидир маънода икки йил муқаддам ўтган курашнинг янги майдонда, янгича муҳитдаги давоми ҳам дейиш мумкин.
Мазкур турда ўтадиган АҚШ – Венгрия, Хитой – Эрон, Норвегия – Словения, Германия – Арманистон, Англия – Вьетнам, Туркия – Испания, Украина – Грузия қарама-қаршиликлари ҳам олимпиада ғолиблиги учун курашда муҳим “дуэль”лар саналади.
Аёллар ўртасидаги мусобақаларнинг ортда қолган 8-турида ҳиндистонлик шахматчи қизларнинг польшалик дугоналарига 2,5:1,5 ҳисобида ютқазиб қўйиши, қўшни Қозоғистон жамоасининг Францияни айни кўринишда енгиши чемпионлик учун кураш сўнгги турларгача давом этишини англатмоқда.

Ҳозирда аёллар гуруҳида Ҳиндистон, Польша, Қозоғистон жамоалари 14 очко билан учликни ташкил этган бўлса, АҚШ, Арманистон, Украина вакиллари 13 очко билан етакчиларни таъқиб этмоқда.
Ўзбекистон аёллар терма жамоаси кеча ўтказилган 8-турда АҚШ терма жамоасига 3,5:0,5 ҳисобида имкониятни бой бериши натижасида 11 очко билан 170 тадан ортиқ иштирокчи жамоалар орасида 25-ўринга жойлашди.
Бугун ўтадиган 9-турда мамлакатимиз шахматчи қизлари 10 очко билан 21-ўринда бораётган Сербия жамоаси аъзолари билан куч синашади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА