Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат олимпиадаси: Хотиржамликка берилиш вақти эмас
11:14 / 2024-09-15

Будапештда давом этаётган 45-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасининг ортда қолган тўрт тур ўйинлари сарҳисобига кўра, эркаклар ўртасидаги 8 та жамоа мағлубиятсиз, 4 та жамоа битта дуранг ва 33 та миллий терма жамоа 1 мағлубият билан ўйинларни давом эттирмоқда.

Хусусан, шахмат олимпиадаси чемпионлигига асосий даъвогар саналган Нодирбек Абдусатторов етакчилигидаги Ўзбекистон, шунингдек АҚШ, Арманистон ва Грузия жамоалари ҳозирча 6 очкога эга бўлиб туришибди.

Кеча ўтказилган 4-турда шахматчи йигитларимиз кутилмаганда Вьетнам жамоасига 3:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди. Нодирбек Абдусатторов ва Жаҳонгир Воҳидов дуранг қайд этган бўлса, Нодирбек Ёқуббоев ва Жавоҳир Синдоров мағлубиятга учради.

Мазкур турда Хитой Арманистонни, Украина эса АҚШни мағлуб этганлиги турнинг энг шов-шувли учрашувлари сифатида қайд этилди.

Шахмат олимпиадасининг аёллар ўртасидаги мусобақаларида ватанимиз шарафини ҳимоя қилаётган қизларимиз ортда қолган 4-турда Болгария вакилларини енгиши олимпиаданинг ўзига хос сенсацияси сифатида талқин этилди.

Шахматчи қизларимиздан Умида Омонова, Маржона Маликова, Нодира Нодиржонова рақиблари билан дурангга эришган вазиятда 15 ёшли Афрўза Ҳамдамованинг болгариялик собиқ жаҳон чемпиони Антоанета Стефановани мағлуб этиши ғалабани таъминлади.

Айтиш лозимки, Афрўза Ўзбекистоннинг энг ёрқин ёш истеъдоди саналади. 2023 йилда 14 ёшгача бўлган шахматчи қизлар ўртасидаги жаҳон чемпионатида 1-турни ўтказиб юборган ҳолда 11 турдан иборат баҳсларда 10 очко жамғариб чемпионликка эришганди. Умид қиламизки, Ҳамдамова олимпиадада ҳам шу каби натижани такрорлайди.

Ортда қолган 4-тур ўйинларидан сўнг аёллар жамоалари орасида Ўзбекистон аёллар жамоаси билан бир қаторда Хитой, Ҳиндистон, АҚШ, Арманистон, Қозоғистон ва Мўғулистон вакиллари 8 очко жамғаришга муваффақ бўлмоқда. 5 та жамоа 7 очко, 30 та жамоа эса 6 очко билан ўйинларда иштирок этмоқда.

Бугун, 15 сентябрь куни шахмат олимпиадасининг 5-турида йигитларимиз оқ доналарда Молдова терма жамоаси билан куч синашади.

Шахматчи қизларимиз эса олимпиаданинг энг кучли аёллар жамоаси сифатида эътироф этилган Грузияга қарши дона суради.

2022 йил Ҳиндистонда ўтган олимпиаданинг вице-чемпионлигига эришган Грузия терма жамоаси таркибида саккизта шахмат олимпиадаси иштирокчиси ва 2015 йилги жамоалар ўртасидаги жаҳон чемпионати ғолиби Лела Джавахишвили, тўртта олимпиада қатнашчиси, 2017 йилги жаҳон чемпиони Нана Дзагнидзе, Нино Бациашвили каби номдорлар борлиги ҳамюртларимиз учун ушбу “дуэль” ҳаёт-мамот жанги бўлишидан далолат беради.

Воқеалар ривожидан олдинга ўтиб фикр юритадиган бўлсак, эркаклар терма жамоамизнинг бугунги баҳсида ФИДЕ рейтингида ҳам, шахматчиларнинг жойлашувида ҳам вакилларимиздан ортда турган Молдова жамоаси билан ўйини хавотир уйғотмайди. Аммо “ақл жанги”да фақат билим ва тажриба эмас, омад ҳам муҳим рол ўйнашини унутмаслик керак. Қолаверса, Молдова терма жамоаси шахсан шахматда номдорлар қаторида саналмаса-да, 2022 йилги олимпиадада 6-ўринни эгаллаган жамоа эканлигини ҳам эсдан чиқармаслик лозим. Шу маънода, хотиржамликка берилиш учун ҳеч қандай асос йўқ.

Аёллар ўртасидаги 5-тур баҳслари ҳақида сўз юритсак, албатта, Хитой-Арманистон, Мўғулистон-АҚШ, Қозоғистон-Ҳиндистон, Венгрия-Эстония мусобақалари қатори ҳамюртларимизнинг Грузия билан ўтказадиган ўйини ҳаяжон ва шиддатга тўла бўлиши аниқ.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА