Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат: Нодирбек Абдусатторов муддатидан аввал Прага турнири ғолиблигига эришди
11:00 / 2024-03-07

Чехия пойтахти Прагада ўтказилаётган “Prague International Chess Festival“ турнирининг якунланишига бир тур қолганда ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ғолибликка эришди.

Мусобақанинг 8-турида турнирдаги асосий тақибчиси эронлик Парҳам Магсудлуни мағлуб этган Абдусатторов 6 очкога эга бўлган ҳолда “Мастерс” гуруҳида иштирок этаётган 8 нафар шахматчининг биронтасига даъвогарлик имкониятини қолдирмади.  

Кечаги баҳсларда Давид Наварра – Таи Даи Ван Нгуен-0,5:0,5, Видит Сантош Гуджрати – Ричард Раппорт-0,5:0,5, Доммаражу Гукеш – Винсент Каймер-1:0, Матеуш Бартель – Рамешбабу Праггнанандхаа-0,5:0,5 натижалари қайд этилди.  

Прага мусобақасида қатнашаётган шахматчилардан Таи Даи Ван Нгуен, Парҳам Магсудлу ва Рамешбабу Праггнанандхаа 4,5 очко билан 2 ва 3-ўринларни эгаллаш учун кураш олиб боради. Шунингдек, Абдусатторовдан кейинги поғоналардан жой олишга 4 очколи Давид Наварра, Ричард Раппорт ҳамда Доммаражу Гукеш ҳам яқин келиб турибди.  

Бугун, 7 март куни “Prague International Chess Festival“нинг 9 турида Праггнанандхаа-Давид Наварра, Винсент Каймер-Матеуш Бартель, Парҳам Магсудлу- Доммаражу Гукеш, Таи Даи Ван Нгуен- Видит Сантош Гуджрати учрашувлари кейинги ўринлар масаласига ойдинлик киритади.  

Олтинчи бор ўтаётган мазкур турнирнинг ғолиблигини нақд қилган Нодирбек Абдусатторов 9-турда қора доналарда Ричард Раппорт билан куч синашади. Мазкур ўйин ҳамюртимизнинг Прага мусобақасидаги натижасига таъсир кўрсатмаса-да, халқаро рейтингдаги ўрни учун муҳим баҳс ҳисобланади.  

Айтиш лозим, Абдусатторов поёнига етиб бораётган “Prague International Chess Festival“ мусобақасининг олтинчи ғолиби бўлди.  

Бундан ташқари, Прага турниридаги муваффақият истеъдодли шахматчимизни Халқаро шахмат федерациясидаги ўрни янада яхшиланишига, норасмий шахмат рейтингида эса амалдаги жаҳон чемпиони Дин Лиженни ортда қолдирди ва 2765,5 рейтинг билан 4-ўринга жойлашди.

Т.Рўзиев,

ЎзА