Шахмат: Нодирбек 320 нафар иштирокчи орасида 12-ўринни эгаллади
Буюк Британиянинг Лондон шаҳрида шахмат бўйича “London Chess Classic- 2025” турнирининг асосий йўналиши – классик шахмат баҳсларида ғолибликни тантана қилган Нодирбек Абдусатторов рапид йўналиши бўйича ўтказилган “Super Rapidplay” баҳсларида 7,5 очко жамғарди.
10 та турдан иборат мазкур мусобақада ҳамюртимиз қаторида Майкл Адамс, Ананд Пранав, Леньер Домингес, Павел Эльянов, Жон Эммс, Алиреза Фирузжа, Эльдар Гасанов, Амит Гаси, Стивен Гордон, Ринат Джумабаев сингари маҳоратли шахматчилар дона сурди.
Турнирнинг рапид баҳслари сўнгги турида Нодирбек грециялик Николас Теодороуга қарши оқ доналарда ҳаракатланди.

Ушбу ўйинда Абдусатторов рақибига имкониятни бой бериб қўйди ва 320 нафар иштирокчи орасида 7,5 очко жамғариб, қўшимча кўрсаткичларга кўра, 12-ўринни эгаллади.
Ҳамюртимиздан очко тортиб олган Николас Теодороу 9 очко билан рапид турнири ғолиблигини қўлга киритди. Франциялик Алиреза Фирузжа 8,5 очко билан иккинчи ўринни банд этди.
Т.Рўзиев, ЎзА