Шахмат бўйича мукофот жамғармаси 150 минг АҚШ долларини ташкил этувчи “Airthings Masters” онлайн турнирининг саралаш баҳслари якунланди.
Дунёнинг номдор гроссмейстерлари иштирок этган турнирда рапид йўналиши бўйича амалдаги энг ёш жаҳон чемпиони, ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов ғолиблик учун кураш олиб борди.
Кеча, 22 февраль куни дунёнинг 16 нафар кучли гроссмейстерлари сўнгги 3 та партияни ўтказишди. Абдусатторов ўтказилган партияларда 2 мағлубият ва 1 дурангга эришди.
Нодирбек 13-турда польшалик Ян Кшиштоф билан муросага келди. Кейин америкалик Левон Аронян ва озарбайжонлик Шахрияр Мамедияровга имкониятни бой бериб қўйди. Шу тариқа, Абдусатторов саралаш босқичини 19 очко билан 11- ўринда якунлади.
Нуфузли турнирнинг саралаш босқичини 29 очко жамғарган россиялик Ян Непомняший якка пешқадам сифатида якунлади. Жаҳон чемпиони Магнус Карлсен 25 очкога эга бўлган тарзда иккинчи ўрин билан кифояланди. 24 очко жамғарган Артемьев ва Есипенко кейинги ўринларни банд этишди.
Шу тарзда 8 нафар шахматчи турнирнинг ярим финал йўлланмасида курашни давом эттирадиган бўлди.
Бугун, 23 февраль куни ярим финал баҳслари ташкил этилади. Унда Ян Непомняший (Россия) - Винсент Каймер (Германия), Эрик Хансен (Канада) - Андрей Есипенко (Россия), Владислав Артемьев (Россия) - Лирен Динг (Хитой) ҳамда Ле Куанг Льем (Вьетнам) - Магнус Карлсен (Норвегия) рўбарў келишади. 25-26 февраль кунлари турнирининг финал ўйини бўлиб ўтади.
Т.Рўзиев
ЎзА