English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат мусобақасида талабалар фаол иштирок этди
14:31 / 2022-12-04

Мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, аҳоли, айниқса, ўсиб келаётган ёш авлодни жисмоний тарбия ва оммавий спортга кенг жалб этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университетида ҳисоблаш математикаси ва ахборот тизимлари кафедраси ташаббуси билан ўтказилган талабалар учрашув, шахмат мусобақаси ҳам худди шу мақсадга қаратилгани билан аҳамиятли бўлди. 

Профессор Л.Варламова ва доцент С.Баҳромов иштирокидаги учрашув талабаларда катта таассурот қолдирди. Учрашув қизғин шахмат мусобақаси билан давом этди. Мусобақада кафедра ўқитувчилари ҳам иштирок этгани тадбирга ўзгача кайфият бағишлади. 

Ушбу ўйин заминимизда қадим-қадимдан кенг қулоч ёйган. Ҳарб илми ва шатранжда тенгсиз бўлган Соҳибқирон одатдаги шахматнинг қонун-қоидаларини ислоҳ қилиб, ҳатто мураккаб шахмат турини яратган. Унга “Шатранжи комил” деб ном берилгани тарихдан маълум. Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Шахматни янада ривожлантириш ва оммавийлаштириш ҳамда шахматчиларни тайёрлаш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги ҳамда “Шахматни янада оммалаштириш ва ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” ги қарорлари юртимиз келажаги бўлган ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини ўстиришга хизмат қилмоқда. 

Эътиборлиси, талабалар ўртасида ташкил этилган мусобақа доирасида 44-Бутунжаҳон шахмат олимпиадаси ғолиби, рапид бўйича 2021 йилги жаҳон чемпиони, кўплаб халқаро турнирлар совриндори Нодирбек Абдусатторов маҳорат дарслари ўтди, иштирокчилар билан ўз тажрибаларини бўлишди. 

Талабалар ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоб олди. Фаол иштирокчилар муносиб тақдирланди. 

ЎзА