Тарихга айланган 2025 йилда мамлакатимиз шахматчилари 100 га яқин турли кўринишдаги жаҳон ва қитъа чемпионатлари, нуфузли турнирлар, кубок баҳсларида муваффақиятли иштирок этди. Ушбу кўрсаткичлар туфайли ФИДЕ рейтингига кўра, 2026 йилнинг илк кунларида Ўзбекистон эркаклар терма жамоаси 12-ўринга, аёллар терма жамоаси эса 15-ўринга кўтарилди.
Бу ҳақда Спорт вазирлигида Ўзбекистон шахмат федерациясининг йил якунлари ва жорий йилнинг устувор вазифаларига бағишланган матбуот анжуманида айтиб ўтилди.
Тадбирда таъкидланганидек, давлатимиз томонидан шахматга қаратилаётган тизимли эътибор натижасида Ўзбекистон шахмати нуфузи йилдан йилга мустаҳкамланиб бормоқда.

Журналистларнинг саволларига жавоб бериш асносида мамлакат шахмат федерацияси раиси ўринбосари Комил Синдоров, федерация бош котиби Бобур Сатторов ортда қолган даврда юртимиз шахматчиларининг эришган натижалари ҳақида тўхталиб ўтишди.
Жумладан, 12 ёшдан ошган, бироқ ҳали асосий таркибга киритилмаган иқтидорли шахматчиларни қўллаб-қувватлаш, шахматни барча вилоятларда тизимли ривожлантириш устувор йўналиш сифатида белгилангани шунингдек, фристайл форматидаги мусобақа синов тариқасида ўтказилиши ва бу йўналишдаги машғулотларга эътибор берилиши маълум қилинди.
Матбуот анжуманида Ўзбекистонда шахматнинг ривожига муносиб ҳисса қўшаётганлар ҳамда йил давомидаги халқаро мусобақаларда юқори натижаларга эришган шахматчилар тақдирланди.

Ўтган йил Ҳиндистонда якунланган жаҳон кубогида ғолибликка эришиб, Даъвогарлар турнирига йўлланмани қўлга киритган Жавоҳир Синдоров “Йилнинг энг яхши шахматчиси”, Умида Омонова “Йилнинг энг яхши аёл шахматчиси”, деб эълон қилинган бўлса, Муҳиддин Мадаминов, Aфруза Ҳамдамова, Марсел Шоюсупов, Селби Какишева, Ўктам Шералиев, Нурмуҳаммад Неъматиллахонов, Ҳуснора Ҳусниддинова каби шахматчи ва мутахассислар ўз йўналишларида эътироф этилди.
Ўтган йил мамлакатимизда умумий ҳисобда 26 та мусобақалар юқори савияда ўтказилди. Уларнинг 11 таси республика, 15 таси халқаро даражада экани, вазирлик, идоралар ва ташкилотлар билан ҳамкорликда 20 га яқин турнирлар ташкил этилгани юртимизда шахмат оммавий ҳаракатга айланаётганидан, иқтидорли ёшлар сафи кенгаяётганидан далолат, дейиш мумкин.
Анжуманда жорий йил Ўзбекистонда ўтказиладиган нуфузли мусобақалар, хусусан 46-Бутунжаҳон шахмат олимпиадасига тайёргарлик ишлари борасида ҳам фикрлар билдирилди.
Т.Рўзиев, ЎзА