Бугун, 31 январь куни Нидерландиянинг Вейк-ан-Зее шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган “Tata Steel Chess-2025” турнирининг 11-тур баҳслари бўлиб ўтади. Мазкур турда “Мастерс” гуруҳида 7 очко билан 2-ўринда бораётган Нодирбек Абдусатторов қора доналарда германиялик Винсент Кеймер билан рўбарў келади.
Айтиш лозим, Абдусатторов ва Кеймер нуфузли шахмат турнирларида бир неча бор куч синашган. 2023 йилги “Tata Steel Chess” турнирида томонлар муроса йўлини танлаган бўлса, ўтган йили Швецияда ўтказилган "TePe Sigeman & Co” мусобақасида Нодирбек германиялик шахматчини мағлуб этган.

Бугун ташкил этиладиган 11-турда “Мастерс” гуруҳида 7,5 очко билан пешқадамлик қилаётган амалдаги жаҳон чемпиони ҳиндистонлик Гукеш Доммаражу оқ доналарда хитойлик Вэй Ига қарши ҳаракатланади. Абдусатторовдан кейинги поғонани банд этган Рамешбабу Прагнанандха бугунги турда қора доналарда АҚШ вакили Фабиано Каруана билан куч синашади. “Челленжер“ гуруҳида ўз маҳоратини намойиш этаётган Нодирбек Ёқуббоев 11-турда аргентиналик Фаустино Орога қарши баҳсга киришади.
Айтиш лозим, Ёқуббоевнинг рақиби ҳозирда 2,5 очко билан 14 нафар иштирокчи орасида 12-қаторда бормоқда.
Т.Рўзиев, ЎзА