Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат: Карлсенни мағлуб этган Синдоров бугун Магсудлу билан беллашади
11:55 / 2025-12-09

Жанубий Африка Республикасида жаҳон шахмат юлдузлари иштирокида ўтказилаётган “Freestyle Chess Champion-2025” турнирининг саралаш баҳсларида ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров 5,5 очко жамғарган ҳолда 1-ўринни эгаллади.

Мукофот жамғармаси 750 минг АҚШ долларидан иборат "Grand Slam" унвони яъни, “Freestyle Chess Champion-2025” ғолиби бўлиш учун сайёрамизнинг саккиз нафар энг кучли гроссмейстерлари – Магнус, Карлсен, Левон Аронян, Аржун Эригаиси, Фабиано Каруана, Винсент Каймер, Ханс Ниманн ва Пархам Магсудлу билан айлана тизимда кураш олиб борган Синдоров такрорланмас ўйин услуби билан саралаш мусобақасининг ғолибига айланди.

Кеча 8 декабрь куни ўтган 7 та турдан иборат баҳсларнинг 1-турида Ж.Синдоров жаҳон рейтинги пешқадами норвегиялик Магнус Карлсенга қарши чиройли партия ўтказди ва ғалабага эришди.

Шундан сўнг, Каймер ва Аржун билан ўйинда дуранг қайд этди. Магсудлу, Фабиано Каруана ва Ханс Ниманн мағлуб этилди. Саралашнинг охирги 7-турида Левон Аронян билан муроса йўлини танлади.

Мусобақа низомига мувофиқ, саралашда кучли учликни эгаллаган шахматчилар рақибларини танлаш ҳуқуқига эга бўлади. Шунга кўра, Жавоҳир Синдоров чорак финалда ўзига рақиб сифатида эронлик Пархам Магсудлуни қайд этди.

Бир кун муқаддам таваллуд айёмини ўзига хос ғалаба билан нишонлаган Ж.Синдоров бугун, 9 декабрь куни Пархам Магсудлу билан куч синашади.  

Шунингдек, ярим финал остонасида Левон Аронян - Ханс Ниманн, Аржун Эригаиси - Винсент Каймер, Магнус Карлсен - Фабиано Каруана қарама-қаршилигидаги чорак финал баҳслари бўлиб ўтади.

"Freestyle Chess Champion2025" турнири 11 декабрга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА