Ўзбек
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат: ҳамюртларимизда жаҳон кубоги йўлланмаси соҳиби бўлиши учун етарли имконият бор
10:34 / 2025-05-14

Бирлашган Араб Амирликларининг Ал-Айн шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган Осиё чемпионатининг ортда қолган 7-тур натижаларидан кейин терма жамоамиз аъзоси Шамсиддин Воҳидов 5,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, 2-ўринга кўтарилиб олди.

Кеча ўтган 7-тур ўйинида Шамсиддин Воҳидов қора доналарда хитойлик Янг Зилонг билан куч синашди. Ҳамюртимиз қора доналарда ҳаракатланишига қарамасдан илк юришларданоқ ҳужумкор вазиятга ўтди ва бу 40-юриш ҳолатида тўлиқ устунлик ҳолатидаги ғалабага олиб келди.  

Ушбу турда Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда Даи Чангрен(Хитой) билан дурангга эришган бўлса, Муҳиддин Мадаминов оқ доналарда ўзидан рейтинг бали юқори бўлган ҳиндистонлик Лука Мендонкани мағлубиятга учратди ва очколари сонини 5 тага етказиб, қўшимча кўрсаткичлар эвазига 6-ўринга кўтарилишга муваффақ бўлди.  

7-турнинг аёллар мусобақасида терма жамоамиз аъзоларидан совринли ўринларга даъвогарлик қилаётган шахматчи қизларимиздан Афрўза Ҳамдамова ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова 6-турдаги муваффақиятсизлик майдонидан ғолиблик йўлагига чиқиб олди. Тоҳиржонова 7-турда қозоғистонлик Елназ Холиакметни, Ҳамдамова шри-ланкалик Девиндя Ошини Гунавардҳани енгди ва очколари сонини 5 тага етказишга эришди. Бу, Гулруҳбегимни тўққизинчи, Афрўзани 11-поғонадан ўрин олишини таъминлаб турибди.  

Ортда қолган тур ўйинлари сарҳисобига кўра, эркаклар мусобақасида эронлик Бардия Данешвар 6 очко билан пешқадам бўлса, аёллар мусобақасида ҳиндистонлик Сешадри Срижа ва мўғулистонлик Бат-Ердене Мунгунзул етакчилик қилмоқда.  

Бугун, 14 май куни мукофот жамғармаси 80 минг АҚШ долларидан иборат чемпионатнинг 8-тури эркаклар мусобақасида Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда россиялик Иван Землянский билан, Муҳиддин Мадаминов қора доналарда ҳиндистонлик Нараянан Сунилдутҳ Лйна билан, Нодирбек Ёқуббоев оқ доналарда ҳиндистонлик Асватҳ  билан куч синашади.  

Чемпионатнинг аёллар мусобақаси 8-турида Гулруҳбегим Тоҳиржонова оқ доналарда россиялик Анастасиа Боднарук, Афрўза Ҳамдамова қора доналарда ҳиндистонлик Свати Гҳате қаршилигини енгишга интилади.  

Эслатиб ўтамиз, қитъа чемпионатининг эркаклар мусобақасида 33 мамлакатнинг 156 нафар, аёллар баҳсида 23 давлатнинг 101 нафар шахматчиси иштирок этмоқда.  

Чемпионатда кучли ўнликка кирган эркак шахматчилар жорий йил 31 октябрь-27 ноябрь кунлари Ҳиндистонда ўтадиган жаҳон кубоги, хотин-қиз шахматчилар орасида совриндор бўлган 2 нафар шахматчи 5-29 июль кунлари Грузиянинг Батуми шаҳрида ўтадиган жаҳон кубоги йўлланмасини қўлга киритади.  

Муросасиз баҳсларга бой тарзда давом этаётган қитъа биринчилигининг бугунгача қайд этилган натижаларини сарҳисоб этадиган бўлсак, эркаклар ўртасида жаҳон кубоги йўлланмаларига эга чиқиш имконияти Шамсиддин Воҳидов, Муҳиддин Мадаминов, Нодирбек Ёқуббоевда мавжуд бўлса, хотин-қиз шахматчиларимиздан Афрўза Ҳамдамова ва Гулруҳбегим Тоҳиржоновада ушбу имконият қисман сақланиб турибди. Кўриниб турганидек, ҳамюртларимизда жаҳон кубоги йўлланмаси соҳиби бўлиши учун етарли имконият бор.  

Мусобақанинг сўнгги 9-тур ўйинлари 15 май куни бўлиб ўтади.  

Т.Рўзиев, ЎзА