Spanish
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат: Ғарбий Осиё чемпионатида VAR тизими қўлланилмоқда
17:40 / 2023-07-04

Хабар берганимиздек, Қирғизистонда шахмат бўйича Ғарбий Осиё чемпионати қизғин давом этмоқда. Шиддатли баҳсларда 10 та давлат қатори Ўзбекистон ёшлар ва ўсмирлар терма жамоаси аъзолари ҳам медаллар учун кураш олиб бормоқда.

Бугун чемпионат доирасида 2-тур ўйинларида муҳим очколар жамғарилди. Илк учрашувларда шахматчиларимизнинг аксарияти партияларини ғалаба билан якунлади. Иштирокчи давлат вакиллари орасида спортчиларимиз турнир жадвалида пешқадамлар сафида бормоқда.  

Бундай миқёсдаги турнирларда анча тажрибага эга бўлган Алмас Раҳматуллаев, Мафтуна Бобомуродова, Орият Обиджонов, Севинч Салимова, Абдуқодир Баҳодиров қаторида жуда кўплаб дебютантлар ўз имкониятларини синовдан ўтказмоқда.  

Чемпионат доирасида турли тақдимотлар ва танловлар ташкил этилмоқдаки, уларда ўзбекистонлик шахматчилар фаол иштирок этишяпти.  

ID chess жамоаси томонидан ҳакамлар ва мураббийлар учун семинар уюштирилди. Унда ID chess коммуникация бренди, унинг бу турнирдаги вазифаси ва фаолияти билан боғлиқ маълумотлар тақдим этилди.  

Мазкур мусобақалар давомида ID chess томонидан VAR тизими қўлланилмоқда. Онлайн кузатиш тизими мусобақалардаги муаммоли вазиятларнинг олдини олмоқда.  

Семинар давомида ҳакамлар, мураббийлар ушбу тизим билан яқиндан танишди. VARдан қандай фойдаланиш кераклиги хусусида маълум бир тушунчага эга бўлди. Жараён семинар иштирокчиларида катта қизиқиш уйғотди. Спорт делегация вакиллари келгуси турнирларда ҳам ушбу технология хизматидан фойдаланиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлашди, дейилади Ўзбекистон шахмат федерацияси хабарида.  

Айтиш лозим, VAR тизими Ғарбий Осиё чемпионати орқали шахмат мусобақаларида илк бор синовдан ўтказилаётгани билан аҳамиятлидир.  

Т.Рўзиев, ЎзА