Қирғизистоннинг Иссиқкўл вилоятида 6 ёшдан 18 ёшгача бўлган шахматчилар ўртасида давом этаётган Ғарбий Осиё чемпионатининг рапид йўналишидаги баҳсларини мамлакатимиз шахматчилари 10 та медаль билан якунлади.
Чемпионатнинг рапид йўналишида 8,10,12,14,16,18 ёшгача бўлган иштирокчилар орасидан ғолиб ва совриндорлар аниқланди. 7 тур давом этган баҳсларда ҳамюртларимиз 4 та олтин, 4 та кумуш ва 2 та бронза медалини қўлга киритди.

Мусобақалар давомида 10 ёшгача бўлган спортчилар орасида Орият Обиджонов, 12 ёшлилар гуруҳида Абдуқодир Баҳодиров, 18 ёшлилар ўртасида рақибларига имконият қолдирмаган Мафтуна Бобомуродова ҳамда Алмас Раҳматуллаев олтин медалларга эга чиқди.

Шиддатли беллашувлар якунида кумуш медаль 8 ёшлилар ўртасида Зарина Неъматжонова, 12 ёшлилар гуруҳида Жавоҳир Бозоров, 14 ёшлилар орасида Шералижон Равшанов ва 16 ёшгача бўлган шахматчилар гуруҳида Барчиной Шокиржоновага насиб этди. 12 ва 16 ёшлилар ўртасида Шаҳзод Исломов ва Баҳром Баҳриллаев бронза медалига эга бўлди.
Ғарбий Осиё чемпионатининг классик йўналишидаги мусобақаларига ҳам старт берилди. Ушбу йўналишдаги мусобақалар 9 турдан иборат швейцарча тизимда бўлиб ўтади.

Ортда қолган баҳслар сарҳисобига кўра, 7 та олтин, 3 та кумуш, 8 та бронза медалини қўлга киритган Қозоғистон вакиллари етакчилик қилаётган бўлса, ҳамюртларимиздан кейинги 3-ўринни FIDE байроғи остида қатнашаётган Россия терма жамоаси банд этиб турибди. Улар ҳисобида 1 та олтин, 2 та кумуш, 1 та бронза медали мавжуд.
Шунингдек, Ҳиндистон, Шри-Ланка, Қирғизистон ва Бангладеш терма жамоалари биттадан медални қўлга киритган.
Эслатиб ўтамиз, чемпионат 10 июлгача давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА