Жанубий Африка Республикасида шахмат бўйича давом этаётган “Freestyle Chess Champion-2025” турнирининг 1/4 финал баҳсларида қайд этилган натижалар Синдоров-Карлсен тўқнашуви ушбу турнирда яна рўй беришига олиб келди.
Чорак финалда ҳамюртимиз Жавоҳир Синдоров эронлик Парҳам Магсудлуни 2:0 ҳисобида мағлуб этган бўлса, ФИДЕ рейтинги етакчиси, норвегиялик Магнус Карлсен АҚШ вакили Фабиано Каруанани доғда қолдирди.

Айтиш лозим, мукофот жамғармаси 750 минг доллардан иборат “Freestyle Chess Champion-2025” турнирининг чорак финалида Магнус Карлсен - Фабиано Каруана баҳсида ҳисоб 1:1 кўринишини олган вазиятда ғолибни аниқлаш қўшимча партияларга қолди. Унда Карлсенга омад кулиб боқди.

Бугун, 10 декабрь куни ўтадиган ярим финал мусобақасида Жавоҳир Синдоров Магнус Карлсенга қарши баҳс олиб боради.
Айтиш лозимки, мазкур халқаро турнирнинг саралаш босқичи илк турида Жавоҳир Магнусни мағлуб этганди.
Умидимиз, Синдоров ярим финалда ҳам саралашдаги муваффақиятли юришини давом эттиради.
Т.Рўзиев,
ЎзА