Бугун, 11 июнь куни Буюк Британия пойтахти Лондонда шахматнинг рапид ва блиц йўналишлари бўйича жамоалар ўртасида навбатдаги жаҳон чемпионатининг дастлабки тур ўйинлари бўлиб ўтади.
Жаҳон чемпионати дастурига мувофиқ уч кун мобайнида рапид йўналишидаги баҳсларнинг 4 та тур ўйинлари бугун ўтказилади.

Айтиш лозим, 2023 йили Халқаро шахмат федерацияси томонидан асос солинган мазкур жаҳон чемпионатига қизиқиш йилдан йилга ортиб бормоқда.

Бу йилги чемпионат баҳсларида 54 та жамоа қатнашаётгани, ҳар бир жамоа таркиби 9 нафар шахматчидан иборатлиги, иштирокчилар орасида ҳаваскорлару, тажрибали гроссмейстерларнинг борлиги турнир кўлами не чоғли кенглигини кўрсатмоқда.
Мукофот жамғармаси 500 минг евродан иборат жаҳон чемпионати дастурига биноан 11-13 июнь кунлари рапид, 14-15 июнь кунлари икки босқичли блиц мусобақалари ташкил этилиши белгиланган.

Яна бир эътиборли жиҳати, жамоалар ўртасидаги бу йилги жаҳон чемпионатида ФИДЕ рейтингида юқори ўринларни эгаллаб келаётган Ҳикару Накамура, Аниш Гири, Алиреза Фирузжа, Максим Вачиер-Лаграв, Уесли Со, Ян-Крэсзтоф Дуда, аёллар ўртасида собиқ жаҳон чемпионлари Александра Костенюк ва Хоу Йифанни сингари 116 нафар гроссмейстер ўз жамоаси шарафини ҳимоя қилади.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Н.Абдусатторов, Ж.Синдоров, Р.Қосимжонов, Н.Ёқуббоев, Г.Тоҳиржонова, Н.Имомқўзиева, А.Ҳамдамова, Ш.Воҳидовдан иборат маҳоратли шахматчиларимиз “Uzbekistan” жамоаси сифатида ғолиблик учун кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг рапид йўналишида ғолибликка эришган жамоалар 310 минг, блиц баҳслари совриндорлари 190 минг евро билан тақдирланади.
Т.Рўзиев, ЎзА