French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат: Бугун жаҳон чемпионатининг блиц йўналиши чемпионлари аниқланади
09:42 / 2022-12-30

Қозоғистоннинг Алмати шаҳрида давом этаётган жаҳон чемпионатининг блиц баҳслари биринчи куни ортда қолди.

Қизиқарли ва шиддатли ўтган ўйинларнинг дастлабки кунги мусобақаларидан кейин эркаклар ўртасида америкалик Хикару Накамура 12-турдан 10 очко жамғарган ҳолда пешқадамлик қилаётган бўлса, аёллар орасида 7,5 очко жамғарган FIDE байроғи остида ўйнаётган Полина Шувалова ва Валентина Гунина етакчилик қилмоқда.  

Блиц баҳсларида 272 нафар иштирокчи қатнашаётган бўлса, шундан 174 нафарини эркаклар, 98 нафарини аёллар ташкил этади. 

Айтиш лозим, жаҳон чемпионати блиц йўналишида эркаклар ўртасидаги ўйинлар 21 турдан иборат бўлиб, бугун 30 декабрь куни сўнгги турлардаги курашлар мазкур йўналишдаги чемпионларни ва совриндорларни аниқлаб беради.  

Дунёнинг кучли шахматчилари қаторида ўзбекистонлик 11 нафар шахматчи ҳам жаҳон чемпионлиги учун дона сурмоқда. Илк кунги баҳсларда 12 та тур ўйналди.  

Кечаги кунги баҳсларда ҳамюртларимиз орасида энг яхши натижани 16 ёшли Муҳиддин Мадаминов қайд этди. Истеъдодли шахматчимиз 12 имкониятдан 8 очко жамғариб, қўшимча кўрсаткичлар эвазига 18-поғонадан жой олди. Эътиборлиси, Мадаминов ўзидан рейтинги анча юқори бўлган гроссмейстерларнинг 7 нафарини мағлуб этишни уддалади, икки нафари билан дурангга эришди.  

Маҳоратли шахматчимиз Нодирбек Абдусатторов 7 очко жамғарган ҳолда 46-ўринда бораётган бўлса, 7,5 очкога эга бўлган Жаҳонгир Воҳидов 28-қатордан жой олган.  

Кечаги кунги мусобақанинг 12-тур ўйинларида Нодирбек Абдусатторов россиялик Давид Паравян билан дурангга эришди. Жаҳонгир Воҳидов ҳам Абдусатторов натижасини такрорлади. Ушбу турда рўбарў келган Жавоҳир Синдаров — Нодирбек Ёқуббоев учрашувида ҳам муроса йўли танланди.  

Аёллар ўртасидаги басҳларда 9 та тур ўйинлари ўтказилиб, Умида Омонова ва Афрўза Ҳамдамова рақиблари билан дурангга эришган бўлса, Нафиса Мўминова FIDE байроғи остида ҳаракатланаётган Ольга Дружининага 1:0 ҳисобида имкониятни бой берди.  

 

Т.Рўзиев,  

ЎзА