Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат: бугун Осиё чемпионатининг 6-тур ўйинлари ўтказилади
10:25 / 2025-05-12

Бугун, 12 май куни Ал-Айн шаҳрида шахмат бўйича давом этаётган Осиё чемпионатининг 6-тур баҳсларида Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Шамсиддин Воҳидов россиялик Алексей Гоганов билан, Нодирбек Ёқуббоев қозоғистонлик Денис Махнев билан оқ доналарда рўбарў келса, Муҳиддин Мадаминов ва Муҳаммадзоҳид Суяров қора доналарда Бирлашган Араб Амирликлари вакили Салех Сейлем ҳамда ҳиндистонлик Леон Люк Мендонка билан куч синашади.

6-турнинг аёллар мусобақасида Афрўза Ҳамдамова ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова қора доналарда Ҳиндистон терма жамоаси аъзолари Агравал Вантика ва Нандхидха билан ҳисоб-китоб қилади.  

Кеча якунланган 5-тур ўйинларида Муҳиддин Мадаминов –Шамсиддин Воҳидов курашида муроса йўли танланди. Нодирбек Ёқуббоев қора доналарда хитойлик Чжао Юанхени мағлуб этди. Ҳумоюн Бекмуродов ҳиндистонлик Бхарат Субраманиям билан дурангга эришди. Муҳаммадзоҳид Суяров бангладешлик Реджа Нир Манондан 1 очко олишга муваффақ бўлди.  

Аёллар мусобақасининг 5-турида оқ доналарда ҳаракатланган Афрўза Ҳамдамова ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова ҳиндистонлик Аршия Дас ва Ракшитта Равини енгиб, муҳим очколарни қўлга киритди. Гулдона Каримова қора доналарда қозоғистонлик Аяулим Калдаровадан устун келди.  

Чемпионатнинг бугунги ўйинлари остонасида эркаклар мусобақасида Данешвар Бардея (Эрон), ва ҳиндистонлик Мурали Картикеян 4,5 очко очко билан пешқадамлик қилаётган вазиятда 5 нафар иштирокчи ҳисобида 4 очко бор. Терма жамоамиз аъзолари Ш.Воҳидов(12-ўрин), М.Мадаминов(14-ўрин), Н.Ёқуббоев(18-ўрин), М. Суяров(30-ўрин) 24 нафар шахматчи қаторида 3,5 очко жамғарган ҳолда ўйинларда қатнашмоқда.  

Хотин-қизлар баҳсининг кеча ўтказилган марказий учрашувида ғолибликка асосий даъвогарлар — россиялик Анастасия Боднарук ва мўғулистонлик Бат-Ердене Мунгунзу баҳсида дуранг қайд этилиши натижасида ортда қолган турда ғалабага эришган ҳиндистонлик Шешадри Шриджа 4,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра, етакчига айланди.  

Юртимиз шахматчи қизларидан Афрўза Ҳамдамова ва Гулруҳбегим Тоҳиржонова 4 очко билан 7-8-ўринларни банд этиб турибди. 3,5 очкога эга Гулдона Каримова 20-поғонада жойлашган.  

Эслатиб ўтамиз, мукофот жамғармаси 80 минг АҚШ долларидан иборат чемпионатда Ўзбекистон терма жамоасининг 12 нафар эркак ва 15 нафар аёл шахматчиси дона сурмоқда.  

Т.Рўзиев, ЎзА