Самарқанд шаҳрида шахмат бўйича биринчи маротаба ўтказилган “Соҳибқирон кубоги – 2021” халқаро турнири ўз якунига етди.
Рапид ва блиц йўналишларида ўтказилган мусобақанинг умумий соврин жамғармаси 50 минг АҚШ долларини ташкил этиб, унда 10 дан ортиқ хорижий давлатлар вакиллари ғолиблик учун дона суришди.

Туризм ва спорт вазирлиги матбуот хизматидан маълум қилишларича, қизғин ва муросасиз кечган мусобақанинг рапид йўналишида дастлабки учта ўринни ҳам юримиз шахматчилари қўлга киритишди. Жумладан, яқинда Тошкентда ўтказилган Георгий Аъзамов хотирасига бағишланган 14-анъанавий халқаро турнир ғолиблигини қўлдан чиқарган ҳамюртимиз Нодирбек Абдусатторов бу сафар қўпол хатога йўл қўймади ва якунда 1-ўринни эгаллади. Кейинги ўринларни мос равишда Шамсиддин ва Жаҳонгир Воҳидовлар эгаллади. 4-ўрин арманистонлик Мануэль Петросянга насиб этди. Кучли бешликни эса қўшни Қозоғистон вакили Азамат Утегалиев якунлаб берди.

Қуйида “Соҳибқирон кубоги – 2021” халқаро турнирининг бошқа йўналишларида ғолиб ва совриндор бўлган шахматчилар билан танишинг:
20 ёшгача бўлган ёшлар ўртасида:
1-ўрин – Абдисалимов Абдималик (Ўзбекистон),
2. Раҳматуллаев Алмас (Ўзбекистон),
3. Синдаров Жавоҳир (Ўзбекистон).
Фахрийлар ўртасида:
1. Баимурзин Аиткази (Қозоғистон),
2. Зияев Негмат (Тожикистон),
3. Владимиров Владимир (Ўзбекистон).
Аёллар ўртасида:
1. Омонова Умида (Ўзбекистон),
2. Семёнова Ирина (Ўзбекистон),
3. Ёқуббоева Нилуфар (Ўзбекистон).
20 ёшгача бўлган қизлар ўртасида:
1. Салимова Асал (Ўзбекистон),
2. Сапарова Ситора (Ўзбекистон),
3. Курмангалиева Лия (Қозоғистон).
12 ёшгача бўлган ўғил болалар ўртасида:
1. Суяров Муҳаммадзоҳид (Ўзбекистон).
12 ёшгача бўлган қизлар ўртасида:
1. Ҳамдамова Афруза (Ўзбекистон).


Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар, қолаверса, тегишли ўринларни эгаллаган шахмат усталари ташкилотчилар томонидан медаль, диплом ҳамда тегишли пул мукофотлари билан тақдирланишди.
ЎзА