Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат: “Ал-Беруний” III халқаро турнири янги чемпионлар авлодини кашф этади
16:44 / 2026-02-13

Бугун, 13 февраль куни пойтахтимиздаги Халқаро шахмат академиясида “Ал-Беруний” III халқаро турнири бошланди.

Умумий мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларидан иборат турнирда шахматчилар “Masters”, “Challengers”, “Futures” ва “Open” гуруҳларида рақобатлашади.

“Masters” гуруҳида арманистонлик Арам Акобян, Шант Саргсян, франциялик Этьен Бакро, германиялик Александр Донченко, исроиллик Борис Гельфанд, россиялик Володар Мурзин, ўзбекистонлик Муҳиддин Мадаминов, Шамсиддин Воҳидов, Абдумалик Абдусалимов, Афруза Ҳамдамова дона суради. 

Мусобақанинг “Challengers” гуруҳида Арманистон, Ҳиндистон, Хитой, Россия, Венгрия, Украина шахматчилари билан ҳамюртларимиз Жаҳонгир Воҳидов, Ортиқ Ниғматов, Муҳаммадзоҳид Суяров, Гулруҳбегим Тоҳиржонова ғолибликка даъвогарлик қилади.

“Futures” гуруҳида эса терма жамоамиз аъзолари Даврон Шарипов, Умида Омонова, Гулдона Каримова, Мадинабону Халилова Арманистон, Озарбайжон, Россия, Қозоғистон вакиллари билан куч синашса, “Open” гуруҳида 6 та мамлакатнинг 150 нафар шахматчиси ўз иқтидорини намойиш этиши белгиланган.

Бугун ўтказиладиган 1-тур ўйинларининг “Masters” гуруҳида маҳоратли шахматчиларимиздан Афруза Ҳамдамова қора доналарда Арам Акобян билан, Муҳиддин Мадаминов қора доналарда Этьен Бакро билан рўбарў келса, Шамсиддин Воҳидов оқ доналарда Абдумалик Абдусалимов қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.

9 та турдан иборат бўлган баҳслар 22 февралга қадар давом этади. 

Т.Рўзиев, ЎзА