Хабарингиз бор, Тошкент шаҳрида шахмат бўйича “Ал Беруний” III халқаро турнири бўлиб ўтди.
Мазкур нуфузли мусобақада дунёнинг 17 мамлакатидан келган 231 нафар шахматчи ғолиблик учун дона сурди.

Умумий мукофот жамғармаси 75 минг АҚШ долларини ташкил этувчи турнирда иштирокчилар “Masters”, “Challengers”, “Futures” ва “Open” йўналишларида ўзаро рақобатлашди.
Қувонарлиси, мусобақанинг “Open” гуруҳида Акбарали Абдуҳакимов биринчи ўриндан жой олган бўлса, Беҳруз Умаров бронза медаль билан тақдирланди. Ушбу тоифадаги кумуш медаль эса қирғизистонлик Элдиёр Ўрозбоевга насиб этди.

“Masters” гуруҳида Арам Акопян (Арманистон), Этьен Бакро (Франция), Шант Саргсян (Арманистон), “Challengers”да Адитья Миттал (Ҳиндистон), Мануэл Петросян (Арманистон), Александр Рахманов (Россия), “Futures” тоифасида Алдияр Ансат (Қозоғистон), Артур Давтян (Арманистон) ва Талиб Широғланов (Озарбайжон) шоҳсупага кўтарилди.
Мусобақа ғолиб ва совриндорлари якунда ташкилотчилар томонидан пул мукофотлари билан тақдирланди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА