Шахмат: Афруза ва Муҳаммадзоҳид Москва турнирида қатнашмоқда
Шу кунларда Россиянинг Москва шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиладиган “Aeroflot-open 2026” халқаро турнири давом этмоқда.
21-бор ўтказилаётган нуфузли мусобақанинг “Open” гуруҳида 150 нафар энг маҳоратли шахматчилар қаторида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Афруза Ҳамдамова ва Муҳаммадзоҳид Суяров дона сурмоқда.

Ортда қолган 6 та тур натижаларига кўра, россиялик Ян Непомняший 5,5 очко билан етакчилик қилмоқда.
Ҳамюртларимиздан Муҳаммадзоҳид Суяров 4 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 35-қаторни банд этган бўлса, Афруза Ҳамдамова ҳисобида ҳозирча 3 очко мавжуд.

Бугун, 4 март куни халқаро турнирнинг 7-тур баҳслари ташкил этилади. Унда Муҳаммадзоҳид Суяров қора доналарда 3,5 очкога эга россиялик Александр Риазанцев билан куч синашса, Афруза Ҳамдамова ҳиндистонлик Нараянан билан баҳс олиб боради.
9 турдан иборат турнир 6 мартга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА