Шу кунларда Қозоғистоннинг Олма-ота шаҳрида шахмат бўйича “Қозоғистон Республикаси Кубоги-2025” мусобақалари бўлиб ўтмоқда.
8 та мамлакатдан 24 нафар шахматчи иштирок этаётган кубок баҳсларининг аёллар гуруҳида ҳамюртимиз Афруза Ҳамдамова дона сурмоқда.
Мукофот жамғармаси 49 минг 500 тенгедан иборат турнирнинг ортда қолган 8-тур ўйинларидан кейин аёллар гуруҳида 4 нафар шахматчи 5,5 очко билан ғолибликка даъвогарлик қилмоқда.

Хусусан, мўғулистонлик Мунгунтуул Батхуайг, ФИДЕ байроғи остида турнирда қатнашаётган Алина Бивол, Арманистон вакили Марям Мкртчян ҳамда маҳоратли шахматчи қизимиз Афруза Ҳамдамова ҳисобида 5,5 очко мавжуд.
Кеча ўтказилган 8-тур баҳсида Афруза Ҳамдамова қора доналарда ҳаракатланишига қарамай қозоғистонлик Айаулум Халдаровани мағлубиятга учратди.
Бугун, 10 декабрь куни кубок мусобақаларининг 9-турида Ҳамдамова оқ доналарда яна бир қозоғистонлик шахматчи қиз Ассел Серикбай билан куч синашади.
11 та турдан иборат "Қозоғистон Республикаси кубоги-2025" мусобақалари 12 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА