Албаниянинг Дуррес шаҳрида 14, 16 ва 18 ёшгача бўлган ўғил ва қиз болалар ўртасида шахмат бўйича ўтаётган жаҳон чемпионатининг ортда қолган 4-туридан сўнг, Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Афруза Ҳамдамова 18 ёшгача бўлган шахматчи қизлар орасида пешқадамлик қилмоқда.
Ушбу ёш тоифасида дона сураётган Гулдона Каримова ва Васила Абдужабборова 3 очко билан 59 нафар иштирокчи орасида кучли йигирматаликни банд этган.

Жаҳон чемпионатининг 16 ёшгача бўлган қизлар мусобақасида қатнашаётган ҳамюртимиз Нилуфархон Имомқўзиева 3,5 очко билан 55 нафар иштирокчи орасида кучли ўнликда ҳаракатланмоқда. 16 ёшгача бўлган ўғил болалар баҳсида иштирок этаётган умидли шахматчимиз Асроржон Омонов 3 очкога эга бўлган ҳолда совринли ўринларга даъвогарлик қилмоқда.

Шунингдек, терма жамоамиз аъзоларидан Қиличбек Назиралиев, Хондамир Элмирзаев, Абдулқодир Баҳодиров, Шаҳзод Исломов, Лилия Белая, Руқия Олимова, Дилноза Нуруллаева, Севинч Давлатова каби ёшларимиз ўз йўналишларида 3 ва 2,5 очко жамғаришга муваффақ бўлишди.

Бугун, 8 октябрь куни жаҳон чемпионатининг 5-тур ўйинларида Афруза Ҳамдамова оқ доналарда ўзи сингари 4 очкога эга Валерия Клеменова (ФИДЕ)га қарши ҳаракатланса, Нилуфархон Имомқўзиева хитойлик Чен Юнинг билан, Асроржон Омонов қора доналарда италиялик Витторио Фаргетта билан рўбарў келади.

Эслатиб ўтамиз, 83 та мамлакатнинг 717 нафар шахматчиси иштирок этаётган жаҳон чемпионати 11 та турдан иборат бўлиб, мусобақалар 15 октябрга қадар давом этади.
Тўлқин Рўзиев, ЎзА