Ёшлар ва ўсмирлар ўртасида Италиянинг Монтесильвано шаҳрида ўтаётган жаҳон чемпионатида маҳоратли шахматчи қизимиз Афрўза Ҳамдамова 14 ёшгача бўлганлар орасида етакчиликка эришди.
Кеча ўтказилган 8-тур баҳсида А.Ҳамдамова қозоғистонлик Эльназ Калиахметни мағлуб этди ва очколари сонини 7 тага етказди. Ушбу муваффақиятдан кейин ҳамюртимиз 125 нафар иштирокчи орасида грузиялик Анастасия Киртадзе билан биргаликда пешқадамликка эришиб олди.

Шу ўринда айтиш лозим, Тошкентдан Италияга етиб боришдаги рейслардаги тўхталишлар сабабли Афрўза мазкур жаҳон чемпионатидаги иштирокини қолган қатнашчиларга нисбатан 1 тур кейин бошлади. Шундай бўлсада, қолган 7 та учрашувда кетма-кет ғалабага эришган шахматчимиз жаҳон чемпионатида шов-шувли кўрсаткични қайд этди. Бу мусобақаларни кузатиб бораётган экспертлар, мутахассислар томонидан эътироф этилди.
Бугун, 22 ноябрь куни жаҳон чемпионатининг 9-тур ўйинлари бўлиб ўтади. Унда Афрўза Ҳамдамова қора доналарда грузиялик Анастасия Киртадзе билан куч синашади.
Чемпионатда иштирок этаётган терма жамоамиз аъзоларидан Миразиз Қўзиев 14 ёшли ўғил болалар орасида 5 очко билан 47-ўринда, 16 ёшли қизлар мусобақасида қатнашаётган Гулдона Каримова 6 очко жамғариб, 138 нафар иштирокчи орасида 6-ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, 80 та мамлакатнинг 760 нафардан зиёд ёш шахматчилари иштирок этаётган чемпионат баҳслари 11 турдан иборат бўлиб, 25 ноябрга қадар давом этади.
Т. Рўзиев, ЎзА