Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат: Абдусатторов, Синдоров ва Омонованинг дастлабки турдаги рақиблари маълум
11:46 / 2025-12-30

Бугун, 30 декабрь куни Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида аёллар ҳамда эркаклар ўртасида рапид ва блиц йўналишида FIDE жаҳон чемпионатининг ғолиб ва совриндорлари аниқланади.

Хабар берганимиздек, 70 дан зиёд давлатнинг 394 нафар шахматчиси иштирок этаётган жаҳон чемпионатининг блиц йўналишида ортда қолган 13 та турдан кейин Нодирбек Абдусатторов 9 очко билан қўшимча кўрсаткичлар эвазига 10-ўринни, Жавоҳир Синдоров 8,5 очко билан 252 нафар қатнашчи орасида 25-ўринни эгаллаб турибди.

Шунингдек, аёллар ўртасидаги мусобақаларда қатнашаётган истеъдодли шахматчиси қизимиз Умида Омонова блиц баҳсларида 10 та тур ўйинларидан кейин 8 очко билан 140 нафар иштирокчи орасида 3-ўринда ҳаракатланмоқда.

Бугун очиқ мусобақаларнинг илк баҳси 14-турида Нодирбек Абдусатторов оқ доналарда ҳиндистонлик 27 ёшли Нараянан билан, Синдоров арманистонлик Арам Акопян билан, Омонова нидерландиялик Элин Руберс билан куч синашади.

Шахматчиларимизнинг бугунги мусобақадаги дастлабки рақиблари ҳақида тўхталадиган бўлсак, Нараянан Ҳиндистон чемпиони, халқаро мусобақаларда, жаҳон ва қитъа чемпионатларида ўзига хос натижаларга эришган. Ушбу чемпионат доирасида блиц баҳсларининг 5-турида ҳамюртимиз Муҳиддин Мадаминов билан дуранг ўйнаган.

Синдоровнинг рақиби 24 ёшли Арам Акопян 12 ёшлилар ўртасида жаҳон чемпиони, 2016 йил Арманистон ёшлар терма жамоаси сафида Бутунжаҳон ёшлар шахмат олимпиадаси бронза медали соҳиби бўлган.

Умида Омонованинг 11-турдаги рақиби 19 ёшли Элин Руберс Нидерландия жамоаси сафида Европа чемпионатида, Бутунжаҳон шахмат олимпиадасида иштирок этган. Нидерландия чемпиони саналади.

Эслатиб ўтамиз, очиқ мусобақаларда ҳиндистонлик Аржун Эригаиси, франциялик Максим Вашье-Лаграв, АҚШ вакили Фабиано Каруана 10 очко билан пешқадамлик қилмоқда. Улардан кейинги поғонада бораётган 6 нафар шахматчида 9,5, 11 нафарида 9 очко мавжуд.

Тўлқин Рўзиев, ЎзА