Шахмат: Абдусатторов бугун Греция вакили билан куч синашади
Лондон шаҳридаги “Emirates Stadium” мажмуасида давом этаётган “XTX Markets London Chess Classic" турнирининг ортда қолган 4-тур ўйинларидан сўнг Нодирбек Абдусатторов 3,5 очко билан етакчилик қилмоқда.
Мукофот жамғармаси 50 минг фунт стерлингдан иборат турнирнинг 4-турида Абдусатторов қора доналарда Буюк Британия чемпиони, 54 ёшли гроссмейстер Майкл Адамсни мағлуб этди.

Турнирда 2-ўринда бораётган франциялик Алиреза Фирузджа ушбу турда оқ доналарда украиналик Павел Эльяновни доғда қолдирди ва очколари сонини 3 тага етказиб олди.

Бугун, 30 ноябрь куни турнирнинг 5-тур баҳсида Абдусатторов оқ доналарда грециялик Николас Теодороу билан куч синашади.
Айтиш лозим, грециялик Николас Теодороу яқинда Ҳиндистонда ўтказилган Жаҳон кубоги мусобақасининг 3-босқичида маҳоратли шахматчимиз Жавоҳир Синдоровдан мағлубиятга учраганди.

Эслатиб ўтамиз, “XTX Markets London Chess Classic" баҳслари 5 декабрга қадар давом этади.
Т.Рўзиев, ЎзА