French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шахмат: 6 давлат терма жамоаларини мағлуб этган ёшларимиз халқаро турнир ғолиблигига даъвогар
10:32 / 2026-02-20

Россия Федерациясининг Новокузнецк шаҳрида шахмат бўйича кичик ўсмир ёшлар ўртасида ўтказилаётган “Интеллект академияси кубоги” халқаро турнирида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 41 та жамоа орасида ғолибликка асосий даъвогарлардан бири мақомига кўтарилди.

20 та давлатнинг 41 та жамоаси иштирокида ўтаётган халқаро турнир ўйинларида Орият Обиджонов, Лазизбек Шавкатов, Мадинабону Асадова, Баҳодир Эркинов ва Жаҳонгир Насимовдан иборат Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари бир қатор жамоалар билан куч синашиб, муваффақиятга эришди. Ҳамюртларимиз ортда қолган баҳсларнинг барчасида ғалабага эришди.

Хусусан, 1-турда Россиянинг “Бурятия” жамоасини 11:2, 2-турда Болгария терма жамоасини 11,5:1,5, 3-турда Беларусь терма жамоасини 7:6, 4-турда Мўғулистон жамоасини 8,5:4,5 ҳисобида мағлуб этишга муваффақ бўлди.

5-турда Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари очколар бўйича турнир жадвалида етакчилик қилаётган Қозоғистон жамоасини 8,5:4,5, 6-турда Россиянинг Академия интеллект-1 жамоасини 7:6 ҳисобида доғда қолдирди.

7-тур баҳсида ҳамюртларимиз Тожикистон терма жамоаси ёшлари билан рўбарў келди.  

Қизиқарли кечган мусобақада ёш шахматчиларимиз қўшни давлат вакилларини 7:1 кўринишида таслим этди.

Ортда қолган 7 та тур ўйинларидан кейин Қозоғистон жамоаси 65 очко билан турнирда пешқадамлик қилмоқда. Ўзбекистон терма жамоаси 60,5 очко билан 2-ўринда ҳаракатланмоқда. 3-ўринда бораётган беларуслик шахматчилар жамоаси 59 очкога эга.

9 та турдан иборат “Интеллект академияси кубоги” мусобақалари 22 февралга қадар давом этади.

Т.Рўзиев, ЎзА