French
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шавкат Мирзиёев: Янги ислоҳотларга – янги куч керак
17:57 / 2021-10-27

Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолияти самарадорлигини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Давлатимиз раҳбари энди раҳбарлар илгаригидан ўн баравар кўп меҳнат қилиши зарурлиги, вилоятларда ўтган сайловолди учрашувларида ҳар бир ҳудудни келгуси беш йилда ривожлантириш бўйича белгилаб берилган вазифалар ижросини таъминлаш кераклигини таъкидлади.

– Халқимиз Янги Ўзбекистондаги ўзгаришларни кун сайин сезиб бориши керак. Янги ислоҳотларга – янги куч керак. Одамлар ўз уйида, маҳалласида, туманида ўзгариш бўлганини сезса шунда режаларимизни уддалаган бўламиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларнинг бориши, кластерлар олдидаги муаммоли масалалар ва уларнинг ечимлари муҳокама қилинмоқда.

Мамлакатимизда кластер тизими жорий этилгани қисқа вақт ичида қишлоқ хўжалигида кескин ўзгаришлар қилишга замин яратди.

Қайд этилишича, биргина пахтачиликда толани қайта ишлаш 2,5 баробарга ошиб, 100 фоизга етказилди, ип-калава ишлаб чиқариш 2 баробарга, тайёр маҳсулот – 3 баробарга ортди, экспорт йил якунига қадар 3 миллиард долларга етади.

“Пахта хомашёсидан тайёр маҳсулотгача” бўлган занжирни яратиш бўйича 2 миллиард долларлик 125 та янги ишлаб чиқариш қуввати ҳамда 150 мингта доимий иш ўрни ташкил қилинди.

Шунингдек, кластерлар томонидан 5 мингдан ортиқ юқори унумли техникалар олиб келинди, 126 минг гектар майдонда сув тежаш технологиялари жорий қилинди, 143 минг гектар майдон фойдаланишга киритилди.

Пахта ва ғаллачиликда ҳосилдорлик йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Кластерларнинг аксарияти жорий йилда пахтадан 35-40 центнергача ҳосил олди. Шу билан бир қаторда, иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари каби қишлоқ хўжалигида ҳам келгуси беш йил учун муҳим вазифа ва режалар белгилаб олинди.

Давлатимиз раҳбари ҳосилдорликни камида 2 баробарга кўтариш, хомашёни чуқур қайта ишлаш, соҳа экспортини 7 миллиард долларга олиб чиқиш, қишлоқлардаги аҳоли бандлиги ва даромадларини янада ошириш бўйича марралар турганини маълум қилди. Бу марраларга эришиш, қишлоқ ҳаётини тубдан ўзгартириш учун соҳанинг кластер тизими имкониятларини янада кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.

ЎзА