Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шавкат Мирзиёев: Сайловда эл-юртимиз билдирган ишончни ислоҳотларимизга берилган энг олий баҳо, деб биламан
17:53 / 2021-10-27

Айни пайтда Президент Шавкат Мирзиёев раислигида қишлоқ хўжалигида кластерлар фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Бу давлатимиз раҳбарининг Ўзбекистон Президенти сайловидан кейинги биринчи йиғилиши.

Шавкат Мирзиёев дастлаб мамлакатимизда бўлиб ўтган Президент сайлови якунларига қисқача тўхталди. Ушбу сайлов халқимизнинг сиёсий-ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётгани, тинч ва фаровон ҳаёт барпо этишга бўлган эзгу интилишларини яна бир бор намоён этди. Буни жаҳон ҳамжамияти кенг эътироф этди.

– Ушбу сайловда эл-юртимиз томонидан билдирилган юксак ишончни биз беш йил олдин бошлаган кенг кўламли ислоҳотларимизга берилган энг олий баҳо, деб биламан. Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланишимга ўз ишончини билдирган ва қўллаб-қувватлаган азиз юртдошларимга, кўп миллатли халқимизга яна бир бор чексиз миннатдорлигимни билдираман, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президент сайловни миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос ҳолда ўтказишга катта ҳисса қўшган Марказий сайлов комиссияси ва барча мутасаддиларга, ўз табрик ва қутловларини йўллаётган мамлакатимиз жамоатчилигига чуқур эҳтиромини изҳор этди.

Айни пайтда муқобиллик асосида ўтган сайловда бошқа партиялардан кўрсатилган номзодларнинг келгуси фаолиятларига омад тилади.

– Энди сайловолди учрашувларимизда илгари сурилган стратегик дастуримиз – Янги Ўзбекистонни барпо этиш бўйича белгилаб олган мақсад ва вазифаларни амалга ошириш учун белимизни маҳкам боғлаб, илгаригидан ҳам ўн карра кўп меҳнат қилишимиз керак. Халқимизнинг ишончини оқлаш, фуқароларнинг қонуний манфаатларини таъминлаш, бир сўз билан айтганда, инсон қадр-қимматини улуғлаш барча бўғиндаги раҳбарларнинг нафақат вазифаси, балки муқаддас бурчига айланиши зарур.

Аминманки, тарихнинг кўплаб синовларидан мардона ўтиб келаётган олижаноб халқимизнинг мустаҳкам иродаси, ҳаётий тажрибасига таяниб, кўзлаган мақсадларимизга албатта етамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Матназар Элмуродов, ЎзА