Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шавкат Мирзиёев: “Ҳар бир ёш ҳақида ота-онаси қандай қайғурса, мен ҳам шундай қайғураман”
10:14 / 2021-02-09

Мамлакатимизда ёшларни билимли, маърифатли, касб-ҳунарли, ватани ва иймонига садоқатли этиб тарбиялашга юксак эътибор берилмоқда.

2021 йилга “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили” дея ном берилгани ҳам буни амалий ифодасидир.

Президентимиз 4-5 февраль кунлари Фарғона вилоятига ташрифида ёшлар масаласига яна бир бор тўхталди ва мазкур йўналишда муҳим вазифаларни белгилаб берди.

– Ҳар бир ёш ҳақида ота-онаси қандай қайғурса, мен ҳам шундай қайғураман. Ҳаёт – кураш, рақобат. Бу курашда ким кучли бўлади? Ақлли, билимли, меҳнат қилган. Бугун ёшлар давлатимизнинг эътиборини ҳис этиши, кўп ўқиб, кун сайин билимини ошириб, ривожланишда давом этиши керак,–деди давлатимиз раҳбари.

Дарҳақиқат, ёшлик ва ўспиринлик даври ҳаётнинг энг жўшқин ва ғанимат даври ҳисобланиб, унда тана аъзолари куч-қувватга тўлган ва ҳаракатлар жўшқин бўлиб, киши кўп ютуқларни қўлга киритиши мумкин бўладиган бир даврдир. Улуғларимиз “Ёшликда ўрганилган илм тошга ўйилган нақш кабидир”, дейди.

Маълумки, муқаддас Ислом дини илм-маърифат динидир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалламга нозил қилинган дастлабки оятларда ўқишга буюрилишнинг ўзи ҳам бунинг ёрқин далилидир. Аллоҳ таоло илмни Қиёмат кунига қадар бандалар учун маърифатга эришиш, ҳақиқатни топиш, икки дунё саодатига эришиш воситаси этди. Буни теран англаган улуғ аждодларимиз илмда улкан муваффақиятларга эришдилар, асрлар мобайнида нафақат диний, балки дунёвий илмларда инсониятга устозлик қилдилар. Бу борада Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Бурҳониддин Марғиноний, Мирзо Улуғбек, Беруний, Муҳаммад Фарғоний, Абу Али ибн Сино каби уламолар меросини ёдга олиш кифоя. Мусулмон уммати бугунги кунга қадар ушбу илм уммонидан баҳра олиб келмоқда.

Буюк муҳаддис Имом Бухорий бобомиз “Илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай!”,  деганлар. Дунёда ҳам, охиратда ҳам инсонга илмдан кўра кўпроқ фойда келтирадиган нарса йўқ. Ана шундай эзгу мақсадларни ҳаётининг бош шиорига айлантирган аждодларимиз дунё тамаддунининг тамал тошини қўйдилар, десак муболаға бўлмайди.

Мамлакатимиз тараққиётнинг янги босқичига қадам қўяркан, нафақат минтақада, балки бутун дунёда Янги Ўзбекистон ибораси пайдо бўлди. Бу эса ўтган йиллар давомида Президентимиз томонидан амалга оширилаётган улкан ислоҳотларга, бунёдкор халқимизнинг улкан ишларни амалга оширишга қодир эканининг яна бир тасдиғидир.

Ислом дини мусулмонларга тараққиёт йўлида юришни фарз қилган, кишиларни илмга ундаган. Чунки инсон шахсиятини илмдан бошқа нарса тўғри йўлга сола олмайди, тараққиётга ҳам эриштира олмайди. Илмга қизиқтириш борасида Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаллам шундай деганлар:

“Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Фаришталар толиби илмни қилаётган ишидан рози бўлган ҳолларида қанотларини ёзадилар. Олимга осмондагилар, ердагилар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтишади. Олимнинг обиддан фазли худди ойнинг бошқа юлдузлардан фазлига ўхшайди. Олимлар анбиёларнинг меросхўрларидир. Анбиёлар динор ҳам, дирҳам ҳам мерос қолдирмаганлар. Улар

илмни мерос қолдирганлар, холос. Ким ўшани олса, улуғ насибани олибди” (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилишган).

Динимиз Ислом инсониятни илм таҳсил қилиш билан бирга, илмни ёшлик вақтида олиш, ҳаётнинг энг ёрқин палласи бўлмиш ёшликни ғанимат билишга даъват этади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассаллам марҳамат қилиб: “Ёшлик, ўспиринлик даврини кексайиб, мункиллаб қолишдан аввал ғанимат билинг ва бўш вақтни бирор иш билан машғул бўлиб қолишдан олдин ғанимат билинг!” (Имом Термизий ривояти).

Демак, ёшликда қилинган ишлар пухта ва мустаҳкам бўлади. Шунинг учун ҳам юртнинг келажаги, унинг мустаҳкамлиги, куч-қудрати ва тараққиёти ўша юрт ёшларининг салоҳияти билан чамбарчас боғлиқдир.

Бугунги кун ёшларига жуда кўп имкониятлар яратиб берилганига қарамай, баъзи ёшларимиз бу имкониятлардан оқилона ва тўғри фойдаланишмаяпти. Ваҳолангки, ёшлик даврида вақтнинг қадрига етиш, ундан унумли фойдаланиш лозим.

Буюк тобеинлардан Алқама ибн Қайс раҳматуллоҳи алайҳ:

“Ёш йигитлик давримда нимани ёдлаган бўлсам, гўё унга (ёдлаган нарсамга) вараққа қарагандай бўламан. Яъни ёшликда ўрганган илмим шунчалик қалбимда ўрнашдики, уни бирор бир ёзилган қоғоздан ўқигандек айтишим мумкин”, дер эканлар.

Ҳар бир ота-она фарзандларига ёшлик даврининг бўш кунларини ғанимат билишни ва ундан унумли фойдаланиш зарурлигини тушунтиришлари лозим. Уларни ёшлигидан бошлаб, одоб-ахлоқли қилиб тарбиялаш билан бирга, илму фаннинг барча қирраларини эгаллашга қизиқтириб, ҳалол меҳнатга ўргатиб, пешона тери билан топилган ризқ-рўзида барака бўлиши ҳақида панду насиҳатлар қилишлари айни муддаодир.

Шундай экан, ҳар бир ота-она фарзанди ёшлик чоғини чиройли, намунали, фойдали ва савобли ишлар билан ўтказишига ёрдамчи бўлмоғи лозим.

Убайдуллоҳ АБДУЛЛАЕВ,

Фарғона вилояти бош имом-хатиби