Қазақ
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шавкат Мирзиёев: Тадбиркорларга кўмакни оширамиз, халқ уйда ўтирсин!
11:29 / 2020-04-04

Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни фармон чиқариб, коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорларни қувватлашни буюрди.


Президент Шавкат Мирзиёев 3 апрель куни фармон чиқариб, коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорларни қувватлашни буюрди. Тошкентда ўтган видеоселекторда Президент халққа мурожаат қилиб, ҳар бир фуқародан ўзини эҳтиёт қилишни сўради. Унинг айтишича, мамлакатда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун барча чоралар кўрилмоқда.

“Юртимизга четдан кириб келган коронавирус касаллигига чалинганлар сони 221 тага етди. Минг афсуски, кўрсатилган тиббий ёрдамга қарамасдан, беморлардан 2 нафари вафот этди. Уларнинг оила аъзолари ва яқинларига ўз номимдан, бутун халқимиз номидан чуқур таъзия билдириб, сабр-тоқат ва бардамлик тилайман”, деди Шавкат Мирзиёев.

Унинг қайд этишича, Ўзбекистонда ҳозир 100 минг киши карантинда. Чет элдан 13 мингга яқин фуқаро олиб келинган ва улар ҳам тиббий назоратда.

Тошкент вилоятида 10 минг кишига мўлжалланган карантин зонаси қурилмоқда. Унинг бир қисмига хориждан келган 2200 дан зиёд фуқаро жойлаштирилган.

Зангиота туманида ҳам 10 минг ўринли иккита вирусология шифохонаси қад кўтармоқда. Яқин кунларда очилиши режалаштирилган, дейди Президент.

photo_2020-04-04_11-31-59.jpg

Шунингдек, таъкидланишича, ҳозиргача Ўзбекистонда 245 минг тест ўтказилган. 700 мингга яқин ҳимоя воситалари олиб келинган.

Диагностика, даволаш, карантин ишлари БМТнинг Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиялари асосида олиб борилмоқда. Жанубий Кореядан шифокорлар келган ва яқин кунларда уларга хитойлик мутахассислар ҳам қўшилади.

Вирус юқтирганларнинг 25 нафари соғайиб, ҳозирда реабилитацияда.

3 апрель кечга бориб, яъни Президент нутқидан кейинги соатларда касалланганлар сони 227 нафарга етди.

Президент мамлакат бўйлаб 22 мингдан ортиқ ҳолатларда карантин қоидалари бузилганини тилга олди. 330 киши карантин ҳудудини ташлаб кетгани қайд этилди.

“Карантин вақтида айрим масъулиятсиз шахслар 24 та турли оммавий маросимлар ўтказганини сира оқлаб бўлмайди. Бутун халқимиз ҳаётига хавф солаётган бундай номаъқул ишларга нисбатан кескин чоралар кўрилади”, дейди Шавкат Мирзиёев.

“Ишонтириб айтаманки, коронавирус тарқаб кетмаслиги учун давлат барча чораларни кўради. Аммо шу синовли дамларда ҳар бир ўзбекистонлик, ҳар бир идора, жамоатчилик вакиллари бир мушт бўлиб ҳаракат қилишимиз керак. Касалликни маҳалламизга, уйимизга, оиламизга олиб кирмаслик учун энг аввало ўзимиз масъулмиз”.

Шавкат Мирзиёев Японияни юқори гигиенага асосланган кундалик турмуш тарзи ва урф-одатлари билан аҳолиси зич, қўшнилари билан савдо алоқалари ўта ривожланган бўлса-да, вируснинг кенг тарқалишига йўл қўймади, дея эътироф этди.

photo_2020-04-04_11-31-58.jpg

“Бу эса бизда ҳам азал-азалдан мавжуд – қўлини кўксига қўйиб саломлашиш, уйга меҳмон келганда қўлга сув қуйиш, жамоат жойларида масофани ушлаш, мева-сабзавотларни кўп истеъмол қилиш каби урфларимизни янада мустаҳкамлашни тақозо этади”, дейди Президент.

Шунингдек, жамоат жойларида, маҳалла ва хонадонларда дезинфекция ишлари мунтазам давом этиб, барча корхона ва ташкилотлар ҳар ҳафта ўз ходимларини тиббий кўрикдан ўтказиши зарурлиги таъкидланди.

Ўзбекистон раҳбари уйда ўтирган ёш авлодни илм олишдан тўхтамасликка ундади.

“Онлайн дарсларни қунт билан ўзлаштиринг. Китоб ўқинг, билимингизни оширинг, бадантарбия ва жисмоний машқларни бир кун ҳам қолдирманг”.

3 апрелга чиққан фармонга кўра, туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади. Тушуми ўтган ойдагига нисбатан 50 фоизга камайган кичик бизнес субъектларига айланмадан олинадиган солиқ, ер солиғи, мулк солиғи, ижтимоий солиқ ва сув солиғини тўлаш муддати шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади. 1 апрелдан бошлаб, юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади. Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ёрдамни оширади.

“Ҳозирги кунда тадбиркор олган кредит ставкаси 24 фоизгача бўлганда унинг 8 фоизини жамғарма қоплаб берар эди. Энди кредит ставкаси 28 фоизгача бўлганда ҳам унинг 12 фоизини давлат қоплайди”, дейди Президент.

маълум қилинишича, тадбиркорларнинг 3 триллион сўмлик кредитлари фоизини қоплашга жамғармадан қўшимча 400 миллиард сўм йўналтирилади. Шунингдек, қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.

Қишлоқларда иш жойлари яратиш, хусусан пахта-тўқимачилик кластерларини молиявий қувватлаш бўйича ҳам президент қарори чиққан.

Болали оилаларга нафақа ва моддий ёрдам автоматик тарзда 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади.

Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронларга 18 турдаги озиқ-овқат ва гигиена воситалари бепул етказиб берилади.

Ҳукумат карантин даврида уйда асосланган ҳунармандчиликни қувватлайди, дейди Президент. Ўзбекистонда ҳозирда 28 мингдан зиёд шундай фаолият бўлиб, уларга 50 миллион доллар маблағ ажратилган.

“Кўпга келган ва жаҳон аҳли азият чекаётган бу қийин кунлар, албатта, ўтади... Ҳаммамиз янада жипслашиб, сабр-матонатли бўлсак, шифокорлар тавсияларига тўлиқ амал қилсак, албатта, бу касалликни тезроқ енгиб ўтамиз”, деди Шавкат Мирзиёев халққа мурожаатида.

Унинг айтишича, бу курашда тиббий чоралар қаторида қатъий интизом, сабр-тоқат ва масъулият ҳисси ҳам муҳим роль ўйнайди.

“Бу сифатлар бизнинг энг асосий ва энг таъсирчан қуролимизга айланиши шарт... Ўзбекистонда ҳеч бир инсон, ҳеч бир оила давлатимиз ва жамиятимиз эътибори ва ғамхўрлигидан четда қолмайди! Яратганнинг ўзи халқимизни ва бутун инсониятни бу офатдан тезроқ озод қилсин, барчамизни ўз паноҳида асрасин!“

Ўтган ҳафта Шавкат Мирзиёев қўшни давлатларнинг раҳбарлари билан гаплашган. Республикадан Афғонистон ва Қирғизистонга инсонпарварлик ёрдами етказилган.