Шавкат Мирзиёев Гулистон шаҳридаги “Буюк келажак” мавзесида бўлди
Гулистон шаҳрида турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Улар аҳил яшайди. Шаҳарнинг кун сайин кўркам қиёфа касб этиб, одамларнинг турмуш шароити яхшиланиб боришида ана шу иноқлик, ҳамжиҳатлик асосий мезондир.
Гулистон шаҳрида турли миллат вакиллари истиқомат қилади. Улар аҳил яшайди. Шаҳарнинг кун сайин кўркам қиёфа касб этиб, одамларнинг турмуш шароити яхшиланиб боришида ана шу иноқлик, ҳамжиҳатлик асосий мезондир.
Шаҳар кун сайин чирой очмоқда. Янги уйлар, иншоотлар, равон кўчалар, сайилгоҳлар, маҳаллаларда амалга оширилаётган ободлик ишлари ҳавасга арзигулик.
Бу манзара Гулистоннинг “Буюк келажак” мавзесида янада ёрқин намоён бўлади. Янги мавзеда 2018 йили намунали лойиҳа асосида 5 қаватли 8 та уй қурилиб, фойдаланишга топширилди, 360 оила уйли бўлди. Буюк келажакда яна 7 қаватли, 420 хонадондан иборат 10 та уй қурилмоқда. Бу каби уйлар нафақат Гулистонда, балки Сирдарё вилоятида ҳам кейинги 25-30 йилда биринчи маротаба қурилмоқда.
Президентимиз “Буюк келажак” мавзесида қурилган уйлар, янги қурилиш жараёни билан танишди.
Бу уйларни қуришдан мақсад аҳолининг кўп йиллик орзуларини амалга ошириш. Шунинг учун, уларни сифатли, ҳар томонлама қулай қилиб қуришимиз керак. Токи янги уйга кўчиб келган ҳар бир оила биздан рози бўлсин, деди Шавкат Мирзиёев.
Президент “Сирдарё тажрибаси”ни жорий қилиш лойиҳаларини кўздан кечирди.
“Guliston City” қурилишининг лойиҳаси уч босқичда амалга оширилади. 2019-2022 йилларга мўлжалланган замонавий шаҳарчанинг умумий ер майдони 45 гектарга яқин бўлади. Бу ерда кўп қаватли уйлар, савдо мажмуалари, кўнгилочар масканлар, маданият ва бизнес маркази, анжуманлар саройи, таълим ва тиббиёт муассасалари, меҳмонхона, ҳунармандчилик уйи каби иншоотлар қурилади.
Шаҳарда 2020 йилга қадар яна 10 та 7 қаватли уй, шунингдек, ички ишлар ходимлари, ҳарбийлар учун хизмат уйлари фойдаланишга топширилади. Бу ерда намунали боғчалар, мактаблар ва бошқа зарур инфратузилма объектлари бўлади.
Президентимиз вилоятда ёшлар таълим-тарбияси, маънавият ва маърифат, спорт соҳасида амалга ошириладиган лойиҳалар билан ҳам танишди.
Сирдарё вилоятида китобхонликни кенг тарғиб қилиш концепцияси ҳақида маълумот берилди. Унга кўра, фарзанд онг ости тарбиясида маънавий юксалиш ҳали у туғилмасидан олдин бошланиши, сўнгра чақалоқлик даври, мактабгача тарбия ва мактаб ёшидаги таълим жараёнида янги концепция ишлаб чиқилган бўлиб, у ҳаётга кенг татбиқ этилмоқда. Шунингдек, Гулистон шаҳрида “O‘qituvchi” бренди остида марказий китоб дўконини ташкил этиш ва китобхонлик маданиятини ривожлантириш концепцияси ҳам тақдим этилди.
Маънавиятимиз, ғурур-ифтихоримиз биринчи ўринга чиқадиган вақт келди. Фарзандларимизни ана шундай етук авлод қилиб тарбиялаш учун барчамиз масъулмиз. Биз бунинг учун маблағ ва вақтни аямаймиз, бор имкониятимизни ишга соламиз, деди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, иқтисодий шароитни яхшилаш кўп эзгу ишларнинг дебочаси эканини, рўзғори бут, оиласидан хотиржам кишиларнинг, эртанги кундан умиди катта ёшларнинг маънавияти ҳам юксалиб боришини, шундагина китоб ўқишга ҳаваснинг ортишини қайд этди Шавкат Мирзиёев.
Вилоятда ичимлик суви таъминоти ва оқова сув тизимини ривожлантириш, ишсиз ёшлар ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандларининг бандлигини таъминлаш, кўп қаватли уйлар, спорт иншоотларини қуриш, маънавий тарбия ва китобхонликни тарғиб этиш концепцияси асосида қўшма китоб павильонларини ташкил этиш борасида амалга ошириладиган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди.