Шавкат Мирзиёев Франция Сенати Раиси билан учрашди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Сенати Раиси Жерар Ларше билан учрашди.
Париж, 8 октябрь. ЎзА махсус мухбири Абу Бакр ЎРОЗОВ хабар қилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франция Республикаси Сенати Раиси Жерар Ларше билан учрашди.
Давлатимиз раҳбари Сенат Раисини самимий қутлар экан, уни Бешинчи Франция Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 60 йиллиги билан табриклади. Ушбу сана муносабати билан юртимизда ўзбек ва француз тилларида чоп этилган Франция Конституциясининг илк нусхасини совға қилди. Жерар Ларше бу китобни катта мамнуният билан қабул қилди.
Мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик, айниқса, улардаги дўстлик гуруҳлари туфайли анча фаоллашгани мамнуният билан қайд этилди.
Ўзбекистон билан Франция ўртасидаги алоқалар парламентлараро муносабатлар соҳасида жадал ривожланмоқда. 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида парламентлараро ҳамкорлик гуруҳи тузилган, 2010 йилдан Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ўзбекистон – Франция” дўстлик гуруҳи фаолият олиб бормоқда. Шунингдек, 2008 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбусман) ва Франция инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси ўртасида ҳамкорлик битими имзоланган.
Франция билан ҳамкорлик кенг кўламли муносабатлар сиёсий, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама амалий алоқаларни қамраб олган. Мамлакатларимиз ишбилармон доиралари ва ҳудудлари ўртасидаги мулоқотни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Парламентлараро алоқаларни аниқ йўналишлар бўйича, жумладан, қўшма тадбирлар ва ўзаро ташрифларни мунтазам ташкил этиш, тажриба алмашиш орқали ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Бу мамлакатларимиз ва халқларимиз ўртасида турли соҳалардаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Франция Сенати Раиси мамлакатимизда иқтисодиётни тубдан модернизация қилиш, аҳоли фаровонлигини ошириш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳот ва янгиланишларни юксак баҳолади.
Ўзбекистон яхши қўшничилик, ўзаро манфаатли ҳамкорлик ва манфаатларни ҳисобга олиш тамойилларига асосланган конструктив минтақавий сиёсат олиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Давлатимиз раҳбарининг Францияга илк расмий ташрифи узоқ муддатли истиқболга мўлжалланган амалий ҳамкорликнинг, жумладан, мамлакатларимиз парламентлари ўртасидаги алоқаларнинг янги йўналишларини белгилаб олишга хизмат қилиши қайд этилди.
Жерар Ларше Франция Сенати Ўзбекистон билан дўстлик ришталари, ҳар томонлама самарали шерикликни мустаҳкамлаш йўлида парламентлараро алоқаларни янада ривожлантириш ва уларга тизимли тус беришга тайёр эканини таъкидлади.
Давлатимиз раҳбари Франция Сенатининг фаолияти билан танишди.