English
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шавкат Мирзиёев Франция компанияларини Ўзбекистондаги инвестиция лойиҳаларида қатнашишга чақирди
02:07 / 2018-10-09

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франциянинг энг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Франциянинг энг йирик компаниялари раҳбарлари билан учрашув ўтказди.

Унда “Тотал”, “Тотал Эрен”, “Орано”, “Фивс Штейн”, “Ранжис Семмарис”, “Винчи”, “Суэц”, “Сад”, “Идемиа”, “Мерсие”, “Талес Аления Спейс”, Европа тикланиш ва тараққиёт банки, Франция тараққиёт агентлиги каби Европа ва жаҳон бозорида етакчи компаниялар, молиявий тузилмалар раҳбарлари иштирок этди.

Учрашувда Ўзбекистонда хорижий инвесторлар учун кенг имкониятлар яратилаётгани таъкидланди. Улар фаолиятини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш учун зарур норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Бизнесни ривожлантириш йўлидаги турли тўсиқларга барҳам берилди, ташқи савдо ва божхона-тариф назорати сезиларли даражада қисқартирилди.

Президентимиз ташаббуси билан ишлаб чиқилган Солиқ сиёсатини такомиллаштириш концепцияси тадбиркорлар ва инвесторлар учун катта қулайликлар яратади.

– Хорижий инвесторлар билан тўғридан-тўғри мулоқот қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузурида Хорижий инвестициялар бўйича кенгаш тузиш тўғрисида қарор қабул қилдик. Унинг вазифаси сармоядорлар фикрини инобатга олган ҳолда Ўзбекистон инвестиция муҳитини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқишдан иборат бўлади. Сизни кенгаш ишида фаол иштирок этишга таклиф этамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Франциялик тадбиркорлар мамлакатимизда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳолади. Валюта тизимининг либераллаштирилгани, виза олиш тартибининг соддалаштирилгани ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш учун қулай имкониятлар яратганини таъкидлади. Бундай қулайлик ва енгилликлар Ўзбекистон иқтисодиётига қизиқишни кучайтирди. Давлатимиз раҳбари ташрифи арафасида умумий қиймати 5 миллиард еврога яқин инвестиция лойиҳалари бўйича келишувлар имзолангани бундан далолат беради.

Ўзбекистон ва Франция молиявий ташкилотлари, фирма ва компаниялари ўртасидаги шерикликни янада ривожлантириш масалалари, ўзаро товар етказиш ва хизмат кўрсатиш ҳажмини ошириш масалалари муҳокама қилинди, дея хабар берди Президент Матбуот хизмати.