Мамлакатимизда ёшлар билан ишлаш бўйича жорий этилган янги тизим асосида ёш авлод вакилларини мунтазам равишда эшитиш ва дардига қулоқ тутиш орқали уларнинг муаммоларини ҳал этишга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.
Наманган вилояти ҳокими, Олий Мажлис Сенати аъзоси Шавкат Абдураззоқов Мингбулоқ туманида ўтказган навбатдаги сайёр қабулини айнан ёшлар иштирокида ўтказди.
Туман маданият марказида ташкил этилган, уч соатдан кўпроқ давом этган “Ҳоким ва ёшлар” йўналишидаги сайёр қабулда бандлик, кредит олиш, уй-жой ва ер ажратиш, чекка ҳудудларда шароитларни яхшилаш, талабаларнинг контракт тўловларига кўмаклашиш сингари 150 дан зиёд мурожаат кўриб чиқилди.
Мингбулоқнинг Биссерка маҳалласида истиқомат қилувчи Миржалол Мамашокиров Наманган давлат университетининг жисмоний маданият факультетида таҳсил олади. У ҳоким мурожаатига кўра, факультет олийгоҳнинг Чуст туманида жойлашган биносига кўчирилган, бироқ собиқ академик лицей биносида таҳсил олиш учун шароитлар яхши эмас. Ҳаттоки амалий спорт машғулотлари ўқув хоналарида ўтишга мажбур бўлинмоқда. Боиси, айни пайтда бу ерда спорт зали йўқ. Вилоят раҳбари мазкур муаммони атрофлича ўрганган ҳолда ижобий ечим топиш юзасидан ёшлар масалалари бўйича ўринбосарига тегишли топшириқ берди.
Жомашўй шаҳарчаси, Ойбек маҳалласида яшовчи Хадича Турсунбоева турмуш ўртоғи билан биргаликда ветеринария хизматини кўрсатиб келади. Ёш оила бунинг учун 8 минг АҚШ доллари миқдорига тенг бўлган, чорва молларидаги касалликларини барвақт аниқлаш ва даволашга мўлжалланган УЗИ текшируви дастгоҳини олиб келтирган. Вилоятда ягона бўлган ушбу ускунадан фойдаланиш мақсадида ташкил этиладиган ветеринария шохобчаси учун 4 сотих ер керак. Шавкат Абдураззоқов мазкур мурожаат эътиборга молик эканлигини таъкидлаб, бундай истиқболли режаларни изчил амалга ошириш учун барча зарур ёрдам кўрсатилишини билдирди.
[gallery-1586]
– Ёшим 19 да, – дейди қўриқободлик Отабек Олимжонов. – Қарши давлат университетининг “Инсон ресурсларини бошқариш” таълим йўналишида шартнома асосида сиртдан таҳсил оляпман. Контракт тўловини тўлашда уйдагиларга ёрдам бериш мақсадида чорвачилик билан шуғулланиш ниятидаман. Айни шу мақсадда қўй боқиш учун кредит, ҳайвонлар озуқасини етиштиришга ер ажратишга кўмак сўрадим. Мурожаатимни ҳал этиш чораси бор экан. Хурсанд бўлдим.
Жомашўйлик Абдуллажон Ортиқов интилувчан ва ҳаракатчан ёшлардан. Ишни кўзини билган йигит сотиб олган ўрдак ва ғозларини қисқа фурсатда сезиларли кўпайтиришга эришди. 800 дона паррандани 32 миллион сўмга сотиб, 30 миллион сўмдан зиёд соф фойда топди. Унинг навбатдаги режалари ҳам юксак. Боқаётган ўрдакларини йил якунига қадар 30 минг донагача етказиш, уларни ички бозорга чиқариш ва қўшни Қирғиз Республикасига экспорт қилишни мўлжаллаган. Бунинг учун унга паррандалар озуқасини етиштиришга ер майдони ва уни паррандачиликка мослаштиришга 200 миллион сўм кредит маблағи зарур. Вилоят ҳокими нафақат ўзи, балки бошқа тенгдошларининг ҳам бандлиги ва фаровон ҳаёт кечириши ҳақида қайғураётган изланувчан ёшлар борлигидан хурсанд эканлигини таъкидлаб, мазкур мурожаатни ижобий ҳал этиш кераклигини айтди.
“Бирлашган” маҳалла фуқаролар йиғинидан Гулираъно Ҳамзаева ёш бўлсада турмушнинг аччиқ синовларини бошидан кечиришга мажбур бўлган. Бундан икки йил олдин умр йўлдошидан айрилган. Етим қолган икки нафар боласи билан ота-онасининг уйида тор ҳовлида туради. У айни кезда Наманган давлат университетининг инглиз тили филологияси йўналишида иккинчи курсда контракт асосида ўқийди, ижтимоий кўмакка муҳтож. У ўз мурожаатида ишга жойланишига ва уй-жой ажратилишига яқиндан ёрдам беришларини сўради. Вилоят раҳбари Гулираъно сингари оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизлар учун Президентимизнинг фармонлари асосида Наманган вилоятининг бешта туманида махсус дастур асосида кўп қаватли уйлар барпо этиш кўзда тутилгани, шу йил 1 апрелдан қурилиш ишлари бошланиб, мустақиллик байрами арафасида якунига етиши ва хонадонлар имтиёзли тарзда топширилишини айтди. Сайёр қабулда уй-жой сўраб келган эҳтиёжманд хотин-қизлар рўйхати шакллантирилиб, уларга зарур кўмак кўрсатилиши қайд этилди.
– Ҳар бир мурожаат алоҳида назоратга олинади, – деди Шавкат Абдураззоқов. – Сайёр қабул шунчаки келиб ёзиб кетиш учун ташкил этилгани йўқ. “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш йили”да биз ёш ўғил-қизларимиз билан кўпроқ учрашиб, уларга ҳар томонлама ёрдам беришимиз лозим. Бу ҳақиқатни, бугунги кун талабини ҳар бир мутасадди раҳбар чуқур англаб етиши керак
Оқилхон Дадабоев, Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА