Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шавкат Абдураззоқов: Кичик саноат зоналарида ёш тадбиркорларга эътибор қаратилади
17:14 / 2020-12-05

Наманган вилоятининг Чортоқ туманида аҳоли бандлигини таъминлаш, ҳудудда хусусий тадбиркорликни ривожлантиришда муҳим ўрин тутадиган икки кичик саноат зоналарига тамал тоши қўйилди.

“Бешкапа” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги 7 гектар майдонни эгаллайдиган кичик саноат зонасида умумий қиймати 149 миллиард сўмга тенг бўлган енгил саноат, қурилиш материаллари, озиқ-овқат маҳсулотлари каби йўналишлардаги 85 та лойиҳа амалга оширилиши режалаштирилган. Бунинг 121 миллиард 200 миллион сўми ёки 80 фоиздан ортиғи тадбиркор ва ҳунармандларнинг маблағи ҳисобидан қопланади. Лойиҳалар тўла қувват билан ишга тушса 2 минг 137 та янги иш ўрни яратилади.

– Вилоятимиз раҳбарини ҳар бир тадбиркорга алоҳида вақт ажратиб, лойиҳаси билан танишиб чиқишини, ташаббусларимизни диққат билан эшитишини, очиғи кутмаган эдим, – дейди “Газ таъмир пардоз” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Дилшод Ваҳобжонов. – Қурилишда ишлатиладиган МДФ эшик ромлари, профнастил ва бўёқ маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳамиз қўллаб-қувватланадиган бўлди. 8 миллиард 700 миллион сўмга тенг бўлган мазкур лойиҳани кейинги йилнинг биринчи ярмигача ишга туширишни мўлжаллаганмиз. Корхонамизни тўла қувват билан ишга туширадиган бўлсак, йилига 870 миллион бюджет тушумига эришамиз. Энг муҳими, келгусида 50 кишини иш билан таъминлашни мақсад қилганмиз.

Короскондаги 25 та лойиҳани ўз ичига олган яна бир янги кичик саноат зонасида 600 дан ортиқ янги иш ўрни яратиш кўзда тутилган. 1,4 гектар майдонга жойлаштирилган лойиҳаларнинг умумий қиймати 29 миллиард 600 миллион сўмни ташкил этади. Ишлаб чиқариш объектларини ишга туширишда 26 миллиард 400 миллион сўм ёки қарийб 90 фоиз маблағ ташаббускорлар улушига тўғри келади.

Тамал тоши қўйиш маросимларида иштирок этган Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззоқов тадбиркорларнинг лойиҳаларибилан танишди. Тадбиркорлик субъектлари билан мулоқотда бўлди. Кичик саноат зоналарида қурилиш ишларини тезроқ бошлаш, жойлар ажратишда истиқболли лойиҳаларини илгари сурган ёш тадбиркорларга устуворлик қаратиш зарурлигини қайд этди. Бу борада тегишли мутасаддиларга аниқ вазифалар юклади.

– Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифлари чоғида берган топшириқларига асосан Чортоқ туманида қуруқ ерлар оптимиллаштирилмоқда. Бунда кичик саноат зоналари, туризмни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларга алоҳида эътибор қаратилади. Бандликни таъминлашда бугун тадбиркорларимиз ҳал қилувчи кучга айланган. Айни пайтда кўплаб маҳаллий аҳоли вилоят марказига қатнаб, турли корхоналарда ишлайди. Шу ерга саноатни кўпроқ олиб кирсак, одамлар қийинчилик кўришмайди. Қанчадан қанча ҳамюртларимиз иш ўринларига эга бўлади, – деди Шавкат Абдураззоқов.

Дарвоқе, Чортоқда “Ойқирон” кичик саноат зонасини ташкил этиш бўйича амалий иш бошланган. Яқин кунларда тамал тоши қўйиладиган 7 гетарлик бўлажак саноат ҳудудида ҳозирча 3 миллиард сўмлик 6 та лойиҳа амалга оширилиши ҳисобига 70 та янги иш ўрни яратилиши режалаштирилмоқда.

Бир сўз билан айтганда, мана шундай самарали лойиҳалар, яъни барпо этилаётган кичик саноат зоналари нафақат туман, балки вилоят иқтисодиёти, саноати ва инфратузилмасида, энг асосийси, бандлик даражасини оширишда муҳим аҳамият касб этади.

[gallery-307]

Оқилхон Дадабоев,  Ҳотам Мамадалиев (сурат), ЎзА