Русский
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шавкат Абдураззоқов: Бу йил ортиқча бир сўм топсак ҳам йўлга сарфлаймиз
13:46 / 2021-01-02

Вилоят ҳокимлигида Наманганда 2021 йилда амалга ошириладиган йўл ишлари тақдимоти ўтказилди.

Ҳокимлик режасига кўра, Наманган вилоятида жорий йил мобайнида умумий узунлиги 415 километрга тенг йўлларни қуриш ва таъмирлаш кўзда тутилган. Бунинг учун 531 миллиард сўмдан ортиқ маблағ сарфланади.  

Жумладан, “Курнос—Араб—Ғова” умумий фойдаланишдаги автомобиль йўлини қуриш, “Косонсой—Поп” йўналишида 3,6 километр узунликда янги автомобиль йўли барпо этиш, “Исковот—Косонсой—Тўрақўрғон—Жомашўй—Сойбўйи”, “Тўрақўрғон—Наманган—Чортоқ—Кесканёр—Сассиқсой”, “Косонсой—Равот—Чуст—Поп—Навбаҳор” автомобиль йўлларининг айрим қисмларини реконструкция қилиш режалаштирилмоқда.  

Наманган шаҳридаги марказий кўчаларни таъмирлашга 125 миллиард сўм ажратилади. Эркин иқтисодий ҳамда кичик саноат зоналари йўлларини ҳозирги давр талаблари даражасига келтиришга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

—Янги йилнинг илк кунларини йўллар мавзусидан бошлаётганимиз бежиз эмас. Бу йил йўллар биз учун устувор вазифага айланади. Ортиқча бир сўм пул топсак ҳам йўлга сарфлаймиз. Шу орқали йиллар мобайнида эътибордан четда қолган йўлларимиз ҳолатини ўнглаймиз, автомобиль тирбандлиги муаммосини ечишга ҳаракат қиламиз, — деди тақдимотда сўзга чиққан Наманган вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Шавкат Абдураззақов.  

Тақдимотда вилоят раҳбари йўлларни ҳолатидан келиб  чиқиб “қизил”, “сариқ” ва “яшил” ҳудудларга ажратиш, абгор ҳолдаги йўлларни ички имкониятлардан келиб чиқиб, таъмирлаш ишларини тезкорлик билан бошлаш кераклиги бўйича таклиф ҳамда ташаббусларини илгари сурди.

Оқилхон Дадабоев, ЎзА