Охирги пайтларда Олмалиқ кон-металлургия комбинатида амалга оширилаётган мегалойиҳа доирасида барпо этилган 3-мис бойитиш фабрикасининг қурилиши ҳудудда фаолият юритган бир қатор корхоналарнинг ҳам ишлаб чиқариш қувватларини ошишига туртки бўлмоқда.
Жумладан, Олмалиқ шаҳрида фаолият юритиб келаётган “CARBON POLYMER” корхонаси томонидан 2025 йилда бир қатор маҳсулотларни ишлаб чиқариш ўзлаштирилди. Хусусан, “Шатакка олиш” механизми бўйича Олмалиқ кон-металлургия комбинати билан ҳамкорликда жорий йилда 7,8 миллиард сўмлик фторопласт маҳсулотларидан эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарилди.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, корхона томонидан жорий йилда хорижий валютани тежаш ҳамда комбинат конларидаги ЭКГ экскаваторларининг ҳаракатини давомийлигини таъминлаш мақсадида блок ва яримблок қисмлари билан пўлат тросслари орасига махсус капролонли композит полимердан қоплама ихтиро қилинди ва патентланди. Бунинг натижасида пўлат тросларнинг яроқлилик муддатини 4-5 бараварга ҳамда блок ва яримблокларнинг яроқлилик муддатини эса 8-9 бараварга оширилишига эришилди.

– Бугунги кунга келиб ОКМК билан ҳамкорлик эвазига корхонада 60 та ишчи ўрни яратилиб 400 турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши ўзлаштирилди, – дейди ОКМК Маҳаллийлаштириш бўлими бошлиғи Аббос Абдуллев. – Шу билан бирга, корхонанинг янги лойиҳаларидан бири, давлат дастури асосида мамлакатимиз экологиясини тозалашга ҳисса қўшиш мақсадида, йирик саноат корхоналаридан ажралиб чиқаётган кимёвий газларни тозалаш учун махсус қурилмаларни ишлаб чиқариш ва ўрнатишдан иборат. Бу борада “Ўзбекнефтгаз” АЖ ва “Аммофос Максам” АЖ корхоналари таклифларига асосан “CARBON POLYMER” корхонаси томонидан бизнес лойиҳалар тақдим этилиб, бугунги кунда лойиҳалар буюртмачилар томонидан кўриб чиқилмоқда.
Бир сўз билан айтганда “Шатакка олиш” механизми орқали ОКМК томонидан маҳаллий ишлаб чиқарувчилар қўллаб-қувватланмоқда. Мазкур тизим конструкторлик ва технологик ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда тақдим этиш, техник маслаҳат ва амалий кўмак беришга хизмат қилади.
А.Мусаев, ЎзА.