Бугун Бирлашган Араб амирлигининг Шаржа шаҳрида 2000 йилдан буён ўтказиб келинаётган анъанавий 22 - "Денгиз эртаклари" халқаро ҳикоячилар форуми ўз ишини бошлади.
Форум ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган бўлиб, унда араб ривоятчилари ва тарих ижодкорлари қатнашади.
Уч кун давом этадиган форумнинг очилишида сўзга чиққан Шаржа Меъроси институти (ШМИ) раиси, доктор Абдулазиз Ал Мусалам Шаржа халқаро ҳикоячилар форуми (ШХҲФ) Жаҳон Маданияти ва меъроси рўйхатига киритилганини маълум қилди.
[gallery-8862]
"Минг йиллардан буён тилдан-тилга ўтиб келаётган адабий оғзаки ҳикоялар БАА, Форс кўрфази, араб ва жаҳон меъросининг хазиналари саналиб, улар Шаржа халқаро ҳикоячилари форуми мисолида шахсан Шаржа ҳукмдори шайх доктор Султон бин Муҳаммад ал Қосимий томонидан қўллаб-қувватланмоқда", деди доктор Абдулазиз Ал Мусалам.
Шаржа кўргазмалар марказида бошланган 22-Шаржа халқаро ҳикоячилар форумида Араб меъроси маркази директори, Шаржа халқаро ҳикоячилар форуми бош координатори Ойша Ал-Ҳуссан Ал-Шамсий, оммавий ахборот воситалари ходимлари, оғзаки меъросга қизиқувчилар ва бошқа расмийлар иштирок этди.
Бу йил форумда 46 давлатдан 160 нафар иштирокчи қатнашаётгани Шаржа халқаро ҳикоячилар форумининг дунёдаги нуфузи янада ортганини кўрсатади.
Форум эртага давом этади.
Ш. Отабоев, Н. Абдувоитов (фото), ЎзА
Шаржа шаҳри, БАА