Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаржа Халқаро ҳикоячилар форуми араб халқларининг бой тарихини дунёга намоён этади (+видео)
19:12 / 2022-10-13

Яқинда Бирлашган Араб амирлигининг Шаржа шаҳрида 22-Халқаро ҳикоячилар форуми бўлиб ўтди.

2000 йилдан буён ўтказиб келинаётган мазкур форум ҳар йили ўтказилиши анъанага айланган бўлиб, унда араб ривоятчилари, ОАВ ва тарихшунослар қатнашади.

Бу йил форумда 46 давлатдан 160 нафар иштирокчи қатнашаётгани бу тадбирнинг дунёдаги нуфузи янада ортиб бораётганини кўрсатмоқда.

Форумда Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг ижодий ходимлари ҳам қатнашди.

Шаржа Экспо марказида 3 кун мобайнида ўтказилган форум юқори савияда ташкил этилди. Шаржа марказий телевидение ва радиолари ҳам экспо марказ павильонларига ўрнатилган ҳолда тўғридан-тўғри кўрсатувлар олиб борди.

Бутун дунёдан йиғилган ҳикоячилар ўзларининг қизиқарли эртакларини инглиз ва араб тилларида ўзига хос ҳиссиёт билан сўзлаб беришди. Форумда айтилаётган ҳикоя ва эртаклар асосан денгиз атрофида яшовчи халқлар тилларидан оғзаки ўтиб келган ҳикоялардир. Ҳикояларда мардлик ва жасорат туйғулари тараннум этилади.

Шаржа амирининг шахсан ташаббуси билан ўтказилаётган анъанавий Халқаро ҳикоячилар форумининг асосий мақсади – қадимий қадриятларни келажак авлодга етказиш, аждодларининг қадимий удумларини дунёга намойиш этишдан иборатдир.

Хорижий меҳмонлар учун ҳам тушунарли бўлиши учун ҳар бир чиқишлар алоҳида саҳналаштирилган. Денгизчилар тили билан айтилаётган тарихий куй-қўшиқлар ҳам араб халқларининг ўтмишидан сўзлаб тургандек.

Аждодларининг ҳаётига мазмун бағишлаб келган эртак ва ҳикояларни ўрганиш, қайта тиклашдек савобли ишларга Бирлашган Араб Амирлигида ҳукумат даражасида эътибор қаратилаётгани таҳсинга сазовордир албатта.

2000 йилдан буён ўтказилиб келинаётган анъанавий форумда асосан номоддий меросни асраб-авайлаб келаётган ҳикоя айтувчиларга эътибор қаратилди. Асосан денгиз билан боғлиқ бўлган эртаклари билан ер шарининг барча қитъасидан ҳикоячилар, жумладан, кўҳна қитъа – Европа ҳикоячилари ҳам қизиқарли эртак ва ҳикоялари билан қатнашди.

Форумда тарихчи олимлар ҳам қатнашиб, араб халқларининг ҳаётида катта аҳамият касб этадиган номоддий мерос бўлмиш ҳикоя ва эртакларнинг пайдо бўлиш жараёнларини фактлар билан илмий асослаб беришди.

Халқаро ҳикоячилар ўзимизнинг бахшиларимизга ўхшаб кетади. Бахши ҳам мазмун-моҳиятига кўра терма, қўшиқ ва достонларни сақловчи, ёддан куйловчи, айтувчи, авлоддан-авлодга етказувчи санъаткордир.

Аждодларимиз турмуш-тарзи, жасурлигини мадҳ этувчи достонларни асраб-авайлаб келаётган бахшиларимизга бугун ҳукумат даражасида қаралмоқда. Ҳаттоки, «Халқ бахшиси» унвони ҳам жорий этилган. Бахшичилик санъати 2021 йилда ЮНEСКО Инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига ҳам киритилди.

«Денгиз эртаклари» номи остида 22-Халқаро ҳикоячилар форумининг очилишида сўзга чиққан Шаржа Мероси институти (ШМИ) раиси, доктор Абдулазиз ал-Мусалам Шаржа халқаро ҳикоячилар форуми (ШХҲФ) Жаҳон Маданияти ва мероси рўйхатига киритилганини маълум қилди.

«Минг йиллардан буён тильдан-тилга ўтиб келаётган адабий оғзаки ҳикоялар БАА, Форс кўрфази, араб ва жаҳон номоддий меросининг хазиналари саналиб, улар Шаржа халқаро ҳикоячилари форуми мисолида шахсан Шаржа ҳукмдори шайх доктор Султон бин Муҳаммад ал-Қосимий томонидан қўллаб-қувватланмоқда», деди доктор Абдулазиз ал-Мусалам.

22-Халқаро ҳикоячилар форумининг якунида форумни ташвиқот этишда муносиб иштирок этган бир қанча маҳаллий ва хорижий ҳикоячилар билан бирга Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам тақдирланди. Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги ҳам муносиб тарғиботи учун Шаржа Мероси институти томонидан махсус сертификат билан тақдирланди.

<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/LXS3xpN0jw0" title="Шаржа Халқаро ҳикоячилар форуми – Араб халқларининг бой тарихини дунёга намоён этиш" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture" allowfullscreen></iframe>

Ш.Отабоев Н.Абдувоитов (видео), ЎзА