Chinese
Chinese
Turkish
Tajik
Kyrgyz
Turkmen
Japanese
Arabic
English
French
Spanish
Русский
German
Ўзбек
Oʻzbek
Қазақ
Шаржа амирлигининг археологик топилмалари кўргазмаси
15:13 / 2024-04-18

Самарқанддаги “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети қошидаги Арт-резиденцияда Шаржа амирлигининг археологик топилмалари кўргазмаси очилди.

Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БАА Шаржа амирлиги ҳукумати ижрочи раиси Шайх Фаҳим ибн Султон ол Қосимий сўзга чиқиб, кейинги йилларда Ўзбекистон ва БАА ўртасида нафақат савдо-иқтисодий, шу билан бирга маданий алоқалар ҳам ривожланиб бораётганини таъкидлади.  

– Шаржа қадимий тарихга эга ва бу ердан кўплаб тарихий экспонатлар топилган, – деди А.Абдуҳакимов. – Аҳамиятли томони шундаки, бу топилмаларнинг 80 фоизи илк бор Ўзбекистонда намойиш этилмоқда. Кўргазмадан Арабистон ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатлар тарихи ҳамда Шаржа амирлигининг неолит давридан Исломгача бўлган даврига оид 170 дан ортиқ археологик топилма ўрин олган.

Шайх Фаҳим ибн Султон ол Қосимий ҳам Ўзбекистон ва Бирлашган Араб Амирликларининг тарихи, маданияти бир-бирига жуда яқин эканлигини қайд этди.

Шаржа археология бошқармаси маълумотига кўра, бундай кўргазма аввал Япония, Испания ва Бельгияда юқори даражада ташкил этилган. 2020 йил Лиссабондаги Миллий археология музейида “Шаржа археологияси” кўргазмаси очилган ва Португалия музейшунослик ассоциацияси томонидан эътирофга сазовор бўлган.  

[gallery-16986]

Маълумот учун: Шаржадаги Млейха археологик ёдгорлигида сарой, истеҳкомлар, уйлар ва инсонлар ҳамда ҳайвонлар қабрлари топилган. Топилмаларнинг умумий майдони 3 километрга чўзилган. Млейхадан узоқ бўлмаган ҳудудда эса археологлар олтин, кумуш, бронза, темир, фил суяги, алебастр, шиша ва бошқалардан ясалган, безатилган буюмлар ҳам топишган. Бу буюмларда қадимги Миср, Юнон, Рим, Парфия, Ўрта Осиё, Ҳиндистон маданияти изларини кўриш мумкин.

Кўргазма 22 майгача давом этади.

Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат),

ЎзА мухбирлари